Марказий сайлов комиссияси сайлов логотипига айрим имловий тузатишлар киритди
Жорий йил 23 июль куни мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясига старт берилган.

Шунингдек, 28 июль куни ўтказилган матбуот анжуманида сайлов логотипининг тақдимоти ўтказилган.
Марказий сайлов комиссиясининг хабар беришича, Мазкур тақдимотдан сўнг логотип, унинг ранглари, тузилиши ва дизайни хусусида ижтимоий тармоқларда кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилган.
Ушбу муҳокамаларда билдирилган таклифлар Марказий сайлов комиссиясининг ишчи гуруҳи томонидан соҳа мутахассисларини жалб қилган ҳолда ўрганилган. Ўрганишлар натижасида логотипга айрим имловий тузатишлар киритилган.
Шунингдек, мазкур логотипни яратиш жараёнига маблағ сарф этилмаганлиги маълум қилинган.
Марказий сайлов комиссияси мамлакат жамоатчилиги сайлов жараёнларига бефарқ эмаслигини эътироф этган ва ўз миннатдорлигини билдирган. Хабарда келгусида ҳам Марказий сайлов комиссиясининг фаолияти борасида билдирилган ҳар қандай холис фикр-мулоҳаза эътиборсиз қолмаслиги айтилган.







