Қозоғистоннинг йирик шаҳарларида карантин чоралари кучайтирилди
Қозоғистонда коронавирус билан боғлиқ вазият мураккаблиги сабабли республиканинг йирик шаҳарларида 2 августдан чекловлар кучайтирилади.

Республиканинг коронавирусга қарши курашиш бўйича комиссияси маълумотларига кўра, мамлакатда қайд қилинаётган кунлик касалланиш ҳолатларининг 65 фоизи ҳамда вирусдан ўлим ҳолатларининг 55 фоизи айнан йирик шаҳарларга тўғри келмоқда.
Комиссия пойтахт Нур-Султон, Алмати, Чимкент, Атирау ва Қарағандада карантин чораларини қатъийлаштиришга қарор қилган. Бу чоралар орасида марказий давлат идоралари, ҳудудий маъмуриятлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари, соғлиқни сақлаш муассасалари, ОАВ, озиқ-овқат дўконлари, дорихоналар ва ҳаётни таъминлаш ташкилотларидан ташқари, Ashyq лойиҳасида иштирок этмаётган барча корхоналар ва ташкилотлар фаолиятини тўхтатиш бор.
Бундан ташқари, томоша, спорт, оилавий, хотира ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказиш тақиқланади. Давлат идоралари, офислар, миллий компаниялар ва бошқа ташкилотларнинг эмланган ва охирги 3 ой ичида коронавирусдан соғайган ходимларидан ташқари, 80 фоиз ходимлари масофадан ишлашга ўтказилади.
Шунингдек, Оқмала, Олмаота ва Қарағанда областлари маъмуриятларига Нур-Султон, Алмати, Чимкент ва Қарағанда шаҳарларига туташ ҳудудларда чекловларни кучайтириш бўйича чоралар қабул қилиш буюрилган.
18,9 млн аҳолига эга Қозоғистонда пандемия бошидан бери касалланганлар сони 580 мингдан ошиб кетди, вирусдан вафот этганлар сони 5,9 мингдан кўпроқни ташкил қилмоқда.







