Veolia Тошкент иссиқлик таъминоти тизимини бошқаради
Душанба куни Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш лойиҳаси тақдимоти билан танишди.

Пойтахтда 9165 та кўп қаватли уй, 3475 та ижтимоий объект марказлашган иссиқлик таъминотига уланган. Лекин, магистрал ва тарқатиш тармоқларнинг 72%, марказий қозонхоналарнинг ҳаммаси, маҳаллий қозонхоналарнинг 90% эскирган. Ўтган йили иссиқлик энергияси йўқотилиши 630 млрд сўмни (44 %) ташкил этган.
Оқибатда «Тошиссиққуввати» ДУКда жуда катта дебитор қарздорлик — 2 трлн сўм ($190 млн) йиғилиб қолган.
Шу боис, Франциянинг Veolia компаниясига 30 йил ичида 315 млн евро ва лойиҳа даврида олинадиган даромад ҳисобидан 1 млрд 80 млн евро инвестиция киритиш эвазига Тошкент иссиқлик таъминоти тизими бошқарувини бериш кўзда тутилган.
Қолаверса, 10 йилда Тошкентдаги барча қозонхоналарни ёпиқ иссиқлик таъминоти тизимига ўтказиш режа қилинган. Синов лойиҳалари икки туманда амалга оширилади.







