Ўзбекистоннинг Япониядаги янги элчиси ишонч ёрлиғи нусхасини топширди
Ўзбекистоннинг Япониядаги янги элчиси этиб тайинланган Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Япония Ташқи ишлар вазири ўринбосари Такео Морига ишонч ёрлиғи нусхасини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Такео Мори элчини янги лавозим билан табриклади ва фаолиятига омад тилади. Икки томонлама суҳбат давомида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилнинг декабрида Японияга ташрифи давлатлараро муносабатларнинг янада ривожланишига катта туртки бергани қайд этилди. Шунингдек, икки давлат раҳбарларининг 2021 йил 12 майдаги телефон мулоқоти давомида стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришилгани айтиб ўтилди. Такео Мори 2022 йилда Япония ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилишига 30 йил тўлиши муносабати билан қўшма маданий тадбирлар ўтказилиб, кенг нишонланишига ишонч билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Муҳсинхўжа Абдураҳмонов бунгача Ташқи ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаган. У Ғайрат Фозиловнинг ўрнига элчи бўлди. Ғ.Фозилов 2021 йилнинг апрелида мамлакатимизТашқи ишлар вазири ўринбосари этиб тайинланди.







