Афғонистон: уч йирик шаҳар учун қонли жанглар давом этмоқда
Сўнгги кунларда Афғонистонда вазият тобора кескинлашиб бормоқда. “Толибон” йирик шаҳарларга ҳужумни бошлади. Ҳозирда Лашкаргоҳ, Қандаҳор ва Ҳирот учун қонли жанглар кетмоқда.


Сўнгги маълумотларга кўра, Ҳилманд вилояти маркази Лашкаргоҳдаги жанглар кўчаларда бўляпти. Аввалроқ “Толибон” шаҳардаги телемарказ офисини эгаллаб олганди. 4 август куни Лашкаргоҳ полиция бошлиғи “Толибон” тарафига ўтиб кетгани маълум бўлди. Шу куни Афғонистон Ҳарбий ҳаво кучлари Ҳилманд вилоятида Толибонга зарба берди. Натижада 54 жангари ҳалок бўлди.
Қандаҳорда ҳам вазият жиддий. Полиция маълумотларига кўра, ҳозиргача “Толибон” қўлида 900 нафар тинч аҳоли вакиллари ўлдирилди. Шу сабабли маҳаллий маъмурият аҳолидан хавфсиз жойларда қолишни сўради.
Мамлакатда вазият кескинлашуви ортидан 6 август куни БМТ Хавфизлик кенгашининг Афғонистон масаласига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтади.
Афғонистонда “Толибон” ва расмий ҳукумат ўртасидаги ҳарбий тўқнашувлар АҚШ ва НАТО қўшинлари олиб чиқиб кетилаётгани ортидан кучайиб кетди. Бугунгача “Толибон” мамлакатнинг катта қисмини эгаллади.
Жаҳонгир Қўзиев







