Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги халқаро автомобиль қатновлари тикланади
Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов Ашхобод шаҳрида Туркманистон савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг туркман томон раиси Эсенмурад Оразгелдиев билан музокаралар ўтказди.

Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.
Маълум бўлишича, музокарада томонлар транспорт ва логистика соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга эътибор қаратган. Икки мамлакат Транспорт вазирликлари томонидан санитария-эпидемиология талабларига риоя этган ҳолда тўғридан-тўғри ҳаво транспорти ҳамда халқаро автомобиль қатновларини қайта тиклаш масалалари устида иш борилишига келишиб олинган.
Таъкидланишича, чегара ўтиш нуқталарининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш, ўзаро савдонинг ўсиши учун тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш ҳамда икки мамлакатнинг транспорт қувватлари ва транзит салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшма чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ишлари амалга оширилади. Ишлаб чиқилган чора-тадбирлар ва таклифлар Ўзбекистон ва Туркманистонни боғловчи транспорт йўлакларини ривожлантириш учун тегишли «Йўл харитаси»да бирлаштирилади.
Бундан ташқари, комиссиянинг Ўзбекистондаги навбатдаги йиғилишини ўтказиш бўйича келишувга эришилган. Унинг доирасида Ўзбекистон–Туркманистон Ишбилармонлар кенгашининг иккинчи йиғилиши ҳам ташкил этилади.







