Пандемиядан қайси соҳа энг кўп зарар кўрди?
COVID-19 пандемияси жаҳон иқтисодиётига кучли зарба берди. Барча мамлакатларнинг бирин-кетин локдаун эълон қилиши одатий хўжалик фаолиятини издан чиқарди.

2020 йилда энг кўп зарар кўрган соҳа бу, шубҳасиз, туризм бўлди. Локдаун туфайли давлатлар ўз чегараларини бутунлай ёпди, бунинг оқибатида туристлар оқими тўхтаб қолди.
2019 йилда дунё бўйлаб жами бир ярим миллиард киши саёҳат қилган бўлса, 2020 йилнинг январь-май ойларида бу кўрсаткич 56 фоизга камайди. Бутунжаҳон туризм ва саёҳат итифоқи маълумотларига кўра, пандемиядан аввал — 2019 йилда Туризмнинг дунё ЯИМдаги улуши 10.4 фоизни ташкил этган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 5.5 фоизга тушиб кетди. 2019 йилда туризмдан 9.2 триллион АҚШ доллари миқдорида даромад қилинган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич қарийб икки баробар камайиб, 4.5 триллион АҚШ долларини ташкил этди.
Туризм инқирози ишсизлик даражасини ҳам ошириб юборди. Масалан, 2019 йилда туризм ва у билан боғлиқ соҳаларга ҳар 4-янги иш ўрни тўғри келган, натижада ҳар йили глобал меҳнат бозорида 334 миллион янги иш ўрни яратилган. 2020 йилда эса туризмда меҳнат қилаётганлар сони 272 миллион кишига тушиб кетди, натижада 62 миллион киши ишсиз қолди. Бутунжаҳон туризм ва саёҳат итифоқининг таъкидлашича, бу кўрсаткич янада камайиши мумкин. Чунки ҳозирда кўплаб иш ўринлари давлат ижтимоий ёрдами билан сақлаб турилибди. Халқаро туризмнинг тўла тикланиши учун мамлакатлар ўз чегараларини очиши ва саёҳатлар яна тўлиқ йўлга қўйилиши лозим.
Ўзбекистонда ҳам пандемия туфайли босқичма-босқич ўсиб бораётган туризм салоҳияти секинлашди. Масалан, мамлакатиимзга 2019 йилда 6.7 миллион чет эллик туристлар келган бўлса, 2020 йилда бу 1 ярим миллионга тушиб кетди. Ички туризм кўрсаткичлари ҳам кескин пасайди. Масалан, 2019 йилда Ўзбекистонда ички туристлар сони 14.7 миллионга етган бўлса, 2020 йилда атиги 1.8 миллионни ташкил этди. Туризм экспорти эса 260 миллион АҚШ доллари даражасида бўлди.

Эмлаш жараёни йўлга кўйилганидан кейин халқаро туризм бир мунча жонланди. Кўпчилик давлатлар ЖССТ тасдиқлаган вакцина олган шахсларга саёҳат қилишга рухсат бермоқда. Масалан, Саудия Арабистонида Pfizer, Moderna, AstraZeneca, Johnson&Johnson вакциналаридан бири билан эмланганларга Умра зиёратини амалга ошириши мумкин. Келажакда туристларининг барчаси тўлиқ эмланган бўлиши лозим. Эндиликда эмлаш паспортлари пайдо бўлмоқда ва саёҳат қилишни истаганлар вакцина қабул қилиб, ана шундай паспортга эга бўлишлари керак. Туризм келажаги пировардида эмлаш билан боғланмоқда.
Бироқ жаҳон туризми қачон тўлиқ тикланиши ҳамон мавҳумлигича қолмоқда. БМТ таҳлилларига кўра, соҳа тўлиқ равишда энг камида 2023 йилда тикланиши мумкин. Лекин Covidнинг янги штаммлари тарқалаётгани бу муддат янада чўзилиши мумкинлигидан далолат бермоқда.







