USAID Ўзбекистон мактабларига 10 млн долларлик дарсликлар тўпламини тақдим этади
Кеча, 6 август куни АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги учун халқаро нашриётлар ишлаб чиққан иккита туркум дарсликлар учун лицензия олганини эълон қилди.


АҚШ элчихонаси хабарига кўра, 10 млн доллар қийматига тенг туркум 5-11-синфлар учун «Информатика ва ахборот технологиялари» фани бўйича дарслик ва ўқитувчилар учун қўлланмалар, шунингдек, 1-11-синфлар учун «Хорижий тил – инглиз тили» фанидан дарсликлар, иш дафтарлари ва ўқитувчилар учун қўлланмалардан иборат.
Ўзбекистон контекстига мослаштирилган дарсликлар 2021-2022 ўқув йилида 200та мактабда синовдан ўтказилади. Ушбу дарсликларнинг республика бўйича 6,5 млндан ортиқ ўқувчи ўртасида тақсимланиши 2022-2023 ўқув йилидан бошланади.
Дарсликларга қўшимча равишда, USAID Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда USAID молиялаштирадиган “Ўзбекистонда баркамоллик учун таълим дастури” доирасида ишлаб чиқилган “Она тили” ва “Математика” (1-4-синфлар), шунингдек, “Информатика ва ахборот технологиялари” (5-11-синфлар) фанларидан таълим стандартларини топширди. Халқаро андозаларга максимал мослаштирилган ушбу юқори сифатли асосий ҳужжатлар Халқ таълими вазирлигига таълим тизимини модернизация қилишда ёрдам беради.
“Юқори сифатли таълим – тараққиётнинг кучли драйвери ҳамда қашшоқликни камайтириш ва соғлиқни сақлаш, гендер тенглиги, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашнинг энг кучли воситаларидан бири. Болалар билим олиб, муваффақият қозонса, улар ўз ҳаётини ва ўз мамлакатини ўзгартирадиган катталарга айланадилар”, деди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниел Розенблюм. “Қўшма Штатлар Халқ таълими вазирлигини ва умумий ўрта таълим соҳасида тизимли ва кенг қамровли ислоҳотлар дастурига содиқлигини қўллаб-қувватлайди”, деб қўшимча қилди у.
USAID Халқ таълими вазирлигини ислоҳотларни амалга оширишда қўллаб-қувватлаш учун 2019 йилнинг сентябр ойида беш йиллик Таълим тизимини ривожлантиришда кўмаклашиш грант шартномасини (DOAG) имзолади. Ушбу шартнома АҚШ ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида ривожланиш бўйича биринчи кенг қамровли икки томонлама грант шартномасидир.
Бугунги кунга келиб DOAG доирасида 19,5 миллион АҚШ доллари ажратилди. Кеча USAIDнинг Ўзбекистондаги Миссияси директори Микаэла Мередит ва Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов DOAG доирасида яна 5,5 миллион АҚШ доллари ажратишни назарда тутувчи қўшимча ҳужжатни имзолади. Бу маблағлар ёшларнинг ишга киришидан олдин уларнинг тадбиркорлиги ва ишга тайёрлигини ошириш учун ишлатилади.







