Сурхондарёда ҳайдовчиси ухлаб қолган «Nexia» бетон тўсиқ ва симёғочга бориб урилди
Сурхондарё вилояти Шеробод туманида «Nexia» ҳайдовчиси чарчаб, ухлаб қолиши сабабли бетон тўсиққа, сўнг симёғочга бориб урилди.

Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, вилоят ЙҲХБ навбатчилик қисмига йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида хабар келиб тушган. Воқеа жойига етиб борилиб, Шерободдан Термизга қараб кетаётган «Nexia» йўл четидаги бетон тўсиққа, кейин эса симёғочга урилгани аниқланган. Ҳодиса ҳайдовчининг кун иссиқлигидан чарчаб, уҳлаб қолиши сабабли содир бўлган.
Оқибатда олд ўриндиқдаги йўловчи оғир жароҳат олиб, воқеа жойида ҳалок бўлган. Таъкидланишича, туманни кесиб ўтган халқаро автомобиль йўлининг ҳодиса юз берган жойи кўздан кечирилган. У ерда таъмирлаш-қурилиш ишлари кетаётгани, йўл белгилари ўрнатилишида камчилик борлиги аниқланган.







