Европа Иттифоқи ва Германия Афғонистонни молиявий қўллаб-қувватлашдан воз кечмоқчи
Агар мамлакат "Толибон" радикал ҳаракати назоратига ўтса, Европа Иттифоқи ва Германия Афғонистонни молиявий қўллаб-қувватлашни тўхтатади, деб ёзади “Deutsche Welle”.

Германия афғон ҳукуматига ҳар йили 430 миллион евро ёрдам беради.
“Агар “Толибон” Афғонистонни бутунлай босиб олса, у ерда шариат қонунлари жорий этилиб, мамлакат халифаликка айланса, биз бошқа пул бермаймиз", — дейди Германия Ташқи ишлар вазири.
Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жосеп Боррел агар "Толибон" тинчлик ва инклюзив келишувга эришмаса, барча афғонлар, жумладан, аёллар ва ёшлар ҳуқуқларини ҳурмат қилмаса, молиявий қўллаб-қувватлашдан бош тортишини билдирди.
Шунингдек, жангариларга Ғарб давлатлари томонидан тан олинмаслиги ва қўллаб-қувватланмаслиги билан таҳдид қилинмоқда.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Германия, Канада ташқи ишлар вазирлари ва НАТО Бош котиби билан Афғонистон бўйича музокара ўтказди.
Вашингтон “Толибон” ҳужуми хавфи туфайли Афғонистон пойтахтидаги ўз фуқаролари сонини камайтиради.
Эслатиб ўтамиз, "Толибон" Афғонистоннинг ўндан ортиқ вилоят марказлари, жумладан, Қандаҳор ва Ҳирот каби йирик шаҳарларни эгаллаб олди.
Насиба Тўхтаева







