Афғонистон Ислом Республикаси энди йўқ
Афғон халқининг зиёли ва ойдин қатлами бугун ватан ва жон қайғусида.

Улар қўрққан воқеа охир-оқибат содир бўлди: мамлакат яна «Толибон» қўлига қайтди. Ҳукумат лашкарлари ва қуроллари ҳам сон, ҳам сифат жиҳатдан кўплигига қарамай, бутун мамлакат ва ҳатто пойтахт Кобулни ҳам деярли жангсиз топширди. Амалдорлар эса тўплаган бойликларини олиб, чет элга қочиб кетди.
Бу воқеаларнинг барчаси фавқулодда тез, Ғарб ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишни бошлаганидан кейинги уч ярим ой ичида рўй берди. Толиблар ўз давлатини Афғонистон Ислом Амирлиги деб атайди. Бу амирлик 1996 йилдан 2001 йилгача ҳам ҳукм сурган. 2001 йилда, АҚШдаги 11 сентябрь терактларидан кейин Америка террорга қарши уруш очиб, «Толибон» ҳокимиятини қулатганди.
АҚШ Афғонистондан кетиши биланоқ толиблар дарҳол Афғонистонни қайтариб олди. 20 йиллик урушга Америка 2 триллион доллар сарфлади. 6 минг америкалик ҳалок бўлди. Афғонлар орасидаги қурбонлар эса юз мингдан ортиқ ва бу ўлимлар йиллар давомида толиблар уюштириб келган саноқсиз терактлар билан боғлиқ.
«Толибон» 43 йиллик афғон урушига якун ясай оладими? Улар зўрлик билан эришган ҳокимиятни халқ тан оладими? Бошқа давлатларчи? Мамлакат яна терроризм ўчоғига айланиб, глобал тинчликка раҳна бўлиб қолмайдими? Расмий ҳукуматга хайрихоҳ бўлган ва у билан ҳамкорлик қилган минглаб афғонлар қатағон қилинадими? Толиблар салтанатидаги якдиллик ва вертикал бошқарув мустаҳкамми, ички бўлинишлар ва бошбошдоқлик рўй бермайдими? Улар замонавий сиёсий институтлар ва банк тизимисиз ривожланишга қандай эришмоқчи? Энг муҳими, «Толибон» раҳбарларининг асл мақсади қудратни эгаллаб, бойлик орттиришми ёки шу қудрат ёрдамида халққа тараққиёт ва рўшнолик келтириш? Бу саволларга жавобларни вақт кўрсатади.







