“Бугун охирги иш куним эканлигини билардим” — афғон аёли Толибон ҳақида
Якшанба куни эрта тонгда университетга дарсга кетаётган эдим.

Ётоқхонадан бир гуруҳ аёллар қочиб чиқди. Мен улардан нима бўлганини сўрадим. Полиция уларни эвакуация қилаётган экан. Чунки Толибон Кобулга келган, улар буркасиз (ҳижоб) аёлларни калтаклашар эди.
Ҳаммамиз уйга қайта бошладик, лекин жамоат транспортидан фойдалана олмадик. Ҳайдовчилар бизни машиналарида олиб кетишни хоҳламади. Сабаби улар аёлни ташиш учун жавобгарликни ўз зиммаларига олмайди. Бу, айниқса, ётоқхонадаги, Кобул ташқарисидан келган аёллар учун жуда қийин эди. Улар қаерга боришни, қаердан бошпана топишни билмасди.
Атрофда турган эркаклар биздаги қўрқувни кўриб, очиқ-ойдин масхара қиларди. Эркаклар “Бориб, чодирни кийинглар”, деб бақирарди. “Энди бошқа кўчада юрмайсиз”, деди бошқаси. Яна бири “Мен энди бирданига тўрттангизга уйланаман”, деб куларди.
Ҳукумат идоралари ёпилгач, синглим уйга сўлғин кириб келди. “Менга тўрт йил хизмат қилган компьютеримни буткул ўчирдим. Иш столимни кўз ёшларимни тўкиб тарк этдим, ҳамкасбларим билан хайрлашдим. Чунки бугун охирги иш куним эканлигини билардим”.
Мен Aфғонистондаги иккита энг яхши университетни бир вақтнинг ўзида тугатмоқчи эдим. Шу йилнинг ноябрида Aфғонистон-Aмерика ҳамда Кобул университетини тамомлардим.
Мен бу даражага етиш учун куну тун ишладим. Лекин эрталаб уйга етиб келганимизда, сингилларим билан, биринчи навбатда, гувоҳнома, диплом ва сертификатларимизни яширдик. Чунки бу биз учун жуда хавфли. Қизиқ, нега биз фахрланадиган нарсаларни яширишимиз керак? Aфғонистонда ҳозир бизни одам ўрнида кўришмайди.
Ўзимни аёл сифатида эркаклар бошлаган сиёсий уруш қурбони каби ҳис қиляпман. Мен энди баланд овозда кулиш, ёқтирган қўшиқларимни тинглаш, дўстларимни ўзимизнинг севимли кафеда учратиш, ёқтирган сариқ кўйлагимни кийиш ёки пушти лаб бўёғини ишлатишни соғинаман. Мен энди ишимга боролмайман, йиллар давомида ишлаган университетимни тугата олмайман.
Маникюрни яхши кўрардим. Бугун уйга кетаётиб, маникюр учун борадиган гўзаллик салонига қарадим. Қизларнинг чиройли суратлари билан безатилган дўконнинг олд томони бир кечада оқланибди.
Атрофимда аёлларнинг фақат қўрқинчли юзлари ва улардан нафратланадиган, таълим олиши, ишлаши ва эркинликка эга бўлишини ёқтирмайдиган эркакларнинг чиркин юзларини кўряпман. Мен учун энг даҳшатли нарса, бахтли аёлларни масхара қиладиганлар эди.
Aфғонистонлик аёллар озгина эркинлик учун жуда кўп қурбонлик беришди. Болалигимда фақат билим олиш учун гилам тўқирдим. Ўша пайтда ҳам молиявий қийинчиликларга дуч келдим. Лекин келажагим учун кўп режаларим бор эди. Ҳаммаси бундай тугашини кутмаган эдим.
Ҳаётимнинг 24 йилида эришган ҳамма нарсани “ёқиш”имга тўғри келади. Aмерика университетининг ҳар қандай гувоҳномаси ёки мукофотига эга бўлиш ҳозир хавфли: уларни сақласак ҳам фойдалана олмаймиз. Энди Aфғонистонда биз учун иш йўқ.
Сингилларим билан онамнинг Толибон давридаги аёлларга бўлган муносабат ҳақида айтиб берган ҳикояларини эслаб, тун бўйи ухлай олмадик. Мен яна барча ҳуқуқларимиздан маҳрум бўлишни ва 20 йил аввалги ҳаётга қайтишни кутмаган эдим. Бизнинг ҳуқуқ ва эркинлигимиз учун 20 йил курашганимиздан сўнг, бурқаларни кийиб, кимлигимизни яширишимиз керак.
Сўнгги ойларда Толибон вилоятларда назоратни қўлга киритиши асносида юзлаб одамлар уйларини ташлаб, қизлар ва хотинларини қутқариш учун Кобулга келишди. Уларга пул, озиқ-овқат ва бошқа зарур нарсаларда ёрдам беришга ҳаракат қилдим.
Баъзи оилалар бошдан кечирган ҳикояларни эшитиб, кўз ёшларимни тўхтата олмадим. Улардан бири урушда ўғлини йўқотган. Кобулга борадиган таксига пули етмагани учун келинини йўл кира эвазига берган. Бир аёлнинг қиймати қандай қилиб йўл кирага тенг бўлиши мумкин?
Бугун Толибон Кобулга етиб келганини эшитиб, ўзимни яна қулга айланаётганимни ҳис қилдим. Энди улар менинг ҳаётим билан хоҳлаган тарзда ўйнаши мумкин.
Инглиз тилидаги таълим марказида ўқитувчи бўлиб ишлардим. Энди ўз синфим олдида туролмайман, уларга AБC қўшиқларини куйлашни ўргата олмайман. Менинг чиройли қизалоқ ўқувчиларим ўқишни тўхтатиб, ўз уйларида қолишларини ўйласам, кўз ёшимни тўхтата олмайман.
Толибон вакилларининг айтишича, “аёллар таълим олишлари ва ишлашлари мумкин бўлади, журналистлар бўлаётган воқеаларни танқид қилишлари мумкин”. Толибон матбуот котиби Суҳал Шоҳин аёлларнинг ҳижоб билан уйларидан ҳамроҳсиз чиқишига рухсат берилади, деб баёнот берди.
Акрам Хамрақулов
Мақола ОАВ маълумотларига асосан тайёрланди







