Дунёдаги энг баланд вулқон яна юқорилади
Европадаги энг баланд вулқон — Сицилиядаги Этнанинг баландлиги 30 метрга ошди. Бу ҳақда «Daily Mail» хабар берди.

Маълум бўлишича, Этна Европадаги энг фаол вулқон бўлиб, у ҳар йили жуда кўп миқдорда лавалар чиқаради. Мазкур лавалар 108 қаватли осмонўпар бинони қуриш учун етарли бўлади. Таъкидланишича, мунтазам отилишлар туфайли вулқон қарийб ўттиз метрга ошган. Ҳозирга келиб унинг баландлиги денгиз сатҳидан тахминан 3357 метрга етган.
Таъкидланишича, 700 минг йил аввал пайдо бўлган Этна Гавайидаги Килауеа тоғидан кейин Ердаги иккинчи энг фаол вулқон ҳисобланади. У Африка ва Евросиё тектоник плиталари ўртасида жойлашган бўлиб, доимий отилишларни келтириб чиқаради. Этна ҳар йили ўн миллион тоннадан ортиқ лава ва 7 миллион тоннадан ортиқ карбонат ангидрид, сув ва олтингугурт диоксиди сепади.
Этна вулқонининг энг кучли отилиши 1669 йил 11 мартда содир бўлган. Мазкур портлаш кўплаб зилзилаларни келтириб чиқарган. Қайд этилишича, ўшанда вулқон отилиши натижасида 60–100 минг атрофида одам ҳалок бўлган. Вулқон охирги марта 2021 йил 17 февралда уйғонган.







