Ўзбекистон

Президент Усмонхон Алимов вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Машҳур диний уламо, атоқли жамоат арбоби, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Алимов шу йил 15 август куни 71 ёшида вафот этди. Президент Шавкат Мирзиёев унинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.

Президент Усмонхон Алимов вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

 

 

У 1950 йил 1 январда Самарқанд вилояти Иштихон туманида туғилди. 1982−1983 йилларда Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида, 1983−1987 йилларда Тошкент ислом институтида, 1989−1990 йилларда Марокаш давлатининг Қаравиййин университетида таҳсил олди.

 

Алимов муқаддас динимиз асосларини, араб ва форс тилларини чуқур эгаллаб, 1980−2006 йилларда Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Имом Бухорий масжидида имом ноиби, имом-хатиб вазифаларида самарали фаолият олиб борди. Буюк аждодимиз Имом Бухорий абадий ором топган табаррук зиёратгоҳда олиб борилган кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишларида юксак ташкилотчилик ва ташаббускорлик қобилиятларини намоён этди.

 

«Усмонхон домла ўзини „Имом Бухорийнинг ходими“ деб ҳисоблар ва бундай шарафли ном билан доимо фахрланар эди. У муҳаддислар султони бўлмиш буюк бобомизнинг ҳаёти ва ижоди тўғрисида юртимизда биринчилардан бўлиб „Имом Бухорий баракоти“ асарини ёзган етук уламо эди», — дейилади таъзияда.

 

У 2000−2006 йилларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби лавозимида сидқидилдан меҳнат қилиб, катта билим ва ҳаётий тажрибасини эзгу амалларга сафарбар этди.

 

Усмонхон Алимов 2006 йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига сайланган эди. Ўтган давр мобайнида у республикада ижтимоий-маънавий, диний-маърифий муҳит барқарорлигини таъминлаш, Ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини асраш ва кенг тарғиб этиш, ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат ва бағрикенглик руҳида тарбиялаш, соҳада малакали мутахассислар тайёрлаш ишига беқиёс ҳисса қўшгани тилга олинган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида сўнгги йилларда амалга оширилган диний соҳадаги ислоҳотлар, хусусан, янги мадраса ва масжидларнинг очилиши, Қуръон ўқитиш курсларининг ташкил қилиниши, Қуръони каримнинг араб ва ўзбек тилларида чоп этилиши, идора қошида ахборот марказининг ташкил этилиши, «Вақф» хайрия жамоат фондининг фаолиятини йўлга қўйиш, мусулмон мамлакатлари ва хорижий ҳамкорлар билан муносабатларнинг мустаҳкамланиши каби хайрли ишларда муфтий ҳазратнинг хизматлари катта бўлди.

 

«Усмонхон Алимов юртимиз мусулмонларининг ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлиш билан бирга, нафақат Марказий Осиёда балки мусулмон дунёсида юксак обрў-эътибор қозонган улкан илм ва маърифат соҳиби сифатида эътироф этилган зот эди», — дейилади хабарда.

У 2012 йилда Ислом олами уюшмаси таъсис мажлисининг аъзоси ҳамда Бутундунё уламолар кенгаши аъзоси этиб сайланди. Сўнгги йилларда Иорданиянинг Исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан эълон қилинадиган «Жаҳоннинг энг нуфузли 500 мусулмони» рўйхатидан муносиб ўрин эгаллади.

 

Алимов исломнинг барча илмлари соҳасида тан олинган беназир олим бўлгани, унга Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг фахрий доктори унвони берилгани, «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирлангани ҳам қайд этилган.

 

«Муфтий ҳазратнинг қаламига мансуб „Тафсири Ирфон“ асари Қуръони карим маъноларини она тилимизда маҳорат билан акс эттирган муҳташам китобдир.


Олимнинг „Имом Бухорий — муҳаддислар султони“, „Ҳазрати Имом“, „Ёшлар — келажагимиз“, „Расулуллоҳнинг муборак васиятлари“, „Оилада фарзанд тарбияси“ каби ўнлаб китоблари, юздан зиёд илмий-оммабоп мақолалари эл-юртимиз ўртасида маълум ва машҳур бўлди», — дея қайд этилган ҳамдардлик мактубида.

 

Таъкидланишича, Усмонхон Алимов ҳамиша одамлар билан бирга, халқнинг дарду қувончига шерик бўлиб яшаган. Аҳолининг маърифий саводхонлигини ошириш мақсадида «Сўраган эдингиз» деган махсус рукн ташкил қилиб, жамоатчиликни қизиқтирган кўплаб баҳсли масалаларга йиллар давомида жавоб ва ечим топиб бергани тилга олинган.

 

«Халқимизнинг ажойиб фарзанди, машҳур уламо, атоқли жамоат арбоби, ёшларнинг меҳрибон устози, камтарин ва самимий инсон Усмонхон Алимовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади», — дейилади хабарда.

Саида Мирзиёева Тошкент архитектура-қурилиш университети фаолияти билан танишди

Саида Мирзиёева Тошкент архитектура-қурилиш университети фаолияти билан танишди

Саида Мирзиёева замонавий ва яшил шаҳарларни барпо этишда янги авлод архитекторлари, лойиҳачилари ва муҳандисларини тайёрлаш муҳимлигини таъкидлади.

Газ захиралари кўпайтирилади: геологик-қидирув ишлари 5 баробарга оширилади

Газ захиралари кўпайтирилади: геологик-қидирув ишлари 5 баробарга оширилади

Президент Шавкат Мирзиёев нефть ва газ тармоғидаги йирик лойиҳалар билан танишди.

Тошкентда 100 та ҳожатхона ташкил этилади: лойиҳага 140,4 млн сўм ажратилиши мумкин

Тошкентда 100 та ҳожатхона ташкил этилади: лойиҳага 140,4 млн сўм ажратилиши мумкин

Санитария-гигиена шохобчалари соддалаштирилган тартибда давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилади.

75 млн сўмлик жиноят иши: «Сирожиддин медиа» раҳбари қамалди

75 млн сўмлик жиноят иши: «Сирожиддин медиа» раҳбари қамалди

У фирибгарлик ва товламачилик моддалари бўйича айбдор деб топилган.

Нобел – 2026: 3 нафар оптогенетика асосчилари мукофотланди

Нобел – 2026: 3 нафар оптогенетика асосчилари мукофотланди

Уларнинг тадқиқотлари ёрдамида ёруғлик орқали нерв ҳужайраларини аниқ фаоллаштириш ёки фаолсизлантириш имкониятига эришилди.

Ўзбекистонда Хитой университети филиали очилади

Ўзбекистонда Хитой университети филиали очилади

Таълим ўзбек, хитой ёки инглиз тилларида кундузги ва муқобил шаклларда олиб борилади.

Шавкат Мирзиёев Осиё ўйинларида иштирок этган ўзбекистонлик спортчиларни табриклади

Шавкат Мирзиёев Осиё ўйинларида иштирок этган ўзбекистонлик спортчиларни табриклади

Миллий терма жамоа 21 та олтин, 25 та кумуш ва 24 та бронза медали билан Хитой, Япония, Жанубий Корея ва Ҳиндистондан кейин бешинчи ўринни эгаллаганди.

Ўзбекистонликлар учун Латвия визаси: чеклов таклиф қилинди

Ўзбекистонликлар учун Латвия визаси: чеклов таклиф қилинди

Бунга айрим ўзбекистонликларнинг мамлакат ҳудудида вояга етмаганларга қарши содир этган жиноятлари сабаб бўлган.