Кобулнинг қулашида Афғонистон расмийлари айбдор—Жозеф Байден
16 август куни АҚШ президенти Жозеф Байден Оқ Уйда Афғонистондаги вазият юзасидан баёнот берди.


Президент ўз нутқи аввалида Афғонистондан қўшинларни олиб чиқаётганидан афсусланмаслигини маълум қилди. Шунингдек, АҚШнинг мақсади Афғонистонда давлат қуриш эмас, балки Америка ҳудудига бўладиган терактларнинг олдини олиш бўлган, бунга эса эришилди.
Шунингдек, Байден ҳукуматнинг мағлуб бўлишида Афғонистонлик расмийларнинг ўзи айбдорлигини таъкидлади. “АҚШ афғон қўшинларига ҳамма нарса берди, аммо ғалабага бўлган ишончни сингдира олмади”, - деб айтиб ўтган Байден. Шу сабабли афғонларнинг ўзи жанг қилишни истамаган урушда АҚШ ҳарбийлари ҳалок бўлиши мақсадга мувофиқ эмаслиги қайд этилди.
Бундан ташқари АҚШ президенти Афғонистон халқини қўллаб-қувватлашда давом этишини маълум қилди. Шу мақсадда қочқинларга 500 миллион АҚШ доллари миқдорида ёрдам ажратилади.
15 август куни “Толибон” Кобулни эгаллади ва Афғонистондаги ҳокимиятни ўз қўлига олди. АҚШ Афғонистондаги элчихонаси ва тарафдордларини эвакуация қилиш мақсадида қўшимча ҳарбий куч жалб этган. Мамлакатда вазият кескинлашуви ортидан 16 август куни Кобул аэропортида тартибсизликлар юзага келган.
Жаҳонгир Қўзиев







