Хитой билан “Толибон”ни қандай манфаатлар боғлаб туради?
Афғонистонда нодир металларнинг умумий заҳираси 3 триллион долларга баҳоланган, шунингдек, у глобал қуруқлик савдо йўлининг марказида жойлашган. Буларнинг бари йирик давлатлар, хусусан, Хитойни ўзига жалб қилмоқда.


15 август куни “Толибон” расмий вакили Суҳайл Шаҳин Россия ва Хитой ҳаракатни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
12 августда АҚШнинг “U.C.News “ ахбарот агентлиги “Толибон” Афғонистон ҳукуматини ағдарган тақдирда, Хитой уларнинг ҳокимиятини тан олиши ҳақида хабар берди.
28 июлда эса Афғонистоннинг бўлажак раҳбари Мулла Абдулғани Бародар Хитой ташқи ишлар вазири Ван И билан учрашди. Ван И Афғонистонда тинчлик ўрнатилишида толибларни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Кузатаётган бўлсангиз, Хитой ва “Толибон “ ўртасидаги алоқалар сўнгги ойларда фаоллашди.Расмий Пекин ташқи сиёсатида Афғонистон муҳим ўрин тутади. Икки давлат ўртасидаги чегаранинг умумий узунлиги 76 километрни ташкил этса-да, Хитой сўнгги йилларда Афғонистонга катта эътибор қаратмоқда.
Аслида расмий Пекин учун Кобулда ҳокимиятда ким ўтиришининг фарқи йўқ. Хитойликлар учун икки масала муҳим:
биринчиси, Хитойнинг ғарбий чегаралари дахлсизлиги таъминланиши, бу ерда экстремизм ва терроризм авж олмаслиги керак.
Иккинчиси, Афғонистон билан боғлиқ иқтисодий лойиҳалар бор ва уларни амалга ошириш расмий Пекин учун катта аҳмиятга эга. Хитой бу мақсадларига Афғонитсонда фақат кучли марказий ҳокимият ўрнатилса эриша олишини яхши англайди.
Афғонистондаги хаос ҳолати Хитой учун ҳам хавфли. Хитой ғарбий чегаралари, айниқса, мусулмон аҳолиси яшайдиган вилоятларига Афғонистон бевосита чегарадош. Беқарорлик оқибатида турли экстремистик гуруҳлар тўпланиши ва қўшни малакатлар хавфсизлигига раҳна солиши мумкин. Хитой “Толибон” қиёфасида Афғонистонда барқарорлик ўрната оладиган кучни кўрмоқда. Мулла Бародар Ван И билан учрашувда толиблар Хитой ички ишларига аралашмаслигига ваъда берди.
Хитой учун ҳам хавфсизлик, ҳам иқтисодий манфаатлар муҳим. Энг аввало, Афғонистон Хитойнинг “Бир камар — бир йўл” глобал қуруқлик савдо йўлининг марказида жойлашган. Хитой Афғонистон орқали Эрон ва Покистон бозорларига тўғридан тўғри чиқади. Бу лойиҳа Хитойнинг халқаро майдондаги позициясини мустаҳкамлайди. Шунингдек, Ўзбекистон ташаббуси билан қурилиши режалаштирилган “Мозори Шариф-Кобул-Пешовар” темирйўли Хитой учун ҳам катта аҳамиятга эга. Бу темрйўл Хитойнинг “Бир камар — бир йўл” лойиҳасига тўла мос келади.
Афғонистон — бой табиий ресурсларга эга мамлакат. Экспертлар 2020 йилда Афғонистон нодир металлари заҳирасини уч триллион долларга баҳолаган. Хитой ана шу табиий бойликлардан фойдаланиш учун толиблар билан ҳамкорликни бошлаши мумкин.
Масалан, литий заҳираси бўйича Афғонистон дунёда биринчи ўринда туриши тахмин қилинган. Литий асосан электромобил ишлаб чиқаришда ишлатилади. Кейинги ўн йиликда бутун дунё автосаноати электрон машиналар ишлаб чиқаришга ўтади. Бу эса Афғонистон ва унинг савдо ҳамкорлари учун манфаатли.
Бундан ташқари Хитой Афғонистоннинг энг катта мис кони — Айноққа инвестиция киритган. Ушбу мис кони ресурслари 88 миллиард долларга баҳоланган. Хитойнинг икки инвестицион компанияси конга 4 миллиард доллар сармоя киритган. Афғонистонда аниқланган мис заҳиралари миқдори жами 274 миллиард долларга тенг. Кейинги ўн йилликда мисга бўлган талаб бир неча баробар ошиши ҳисобга олинса, бу Пекин учун жуда катта имконият.
Ўз навбатида, “Толибон” ҳам иқтисодий алоқаларни йўлга қўйишдан манфаатдор. Бу уларга ҳокимиятни сақлаб қолиши ва мустаҳкамлашга ёрдам беради. Шу сабабли толиблар қўшни давлатлар, энг аввало Хитой билан савдо-иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилади.
Жаҳонгир Қўзиев







