Ҳозирги “Толибон” йигирма йил аввалгисидан фарқ қиладими?
“Толибон” ҳаракати жорий йилнинг 5 август куни ҳокимиятни эгаллагач, бир қанча баёнотлар билан чиқди: умумилллий амнистия эълон қилиш, инклюзив ҳукумат тузиш, талончилик ва коррупцияга йўл қўйилмаслик маълум қилинди.

Ҳаракатнинг 17 август кунги матбуот анжуманида гиёҳванд моддалар етиштиришни бутунлай тўхтатиш, аёллар таълим олиши ва ишлаши мумкинлиги, ҳеч кимдан қасос олинмаслиги хусусида ваъдалар берилди.
Лекин шундан кейин интернетда толиблар ваҳшийлиги акс этган видео ва фотолар тарқала бошланди. Балх вилоятида “Толибон”га таом тайёрлашни истамаган аёл ўлдирилди. 18 август куни эса Жалолободда митингга чиққан аҳоли вакилларига ўт очилди. Шунингдек, кўплаб афғон аёллари толиблар ваъдасига қарамай, ўқиш ва иш жойларига бормаяпти.
“Толибон”нинг ўзгарган (ми?)
Сўнгги вақтларда кўпчилик экспертлар ҳозирги “Толибон” йигирма йил аввалги “Толибон”дан фарқ қилишини таъкидламоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳам “Толибон”ни террористик ташкилот сифатида кўрмаслигини маълум қилган эди. “Толибон”нинг ўзи ҳам ўзгарганини айтмоқда. Аслида-чи?
Бир томондан толибларнинг ўзгаргани бор гап. Чунки ҳаракат 20 йил давомида халқаро коалиция кучларига қарши оғир кураш олиб борди. Толибларнинг кўпчилик раҳбарлари бир неча йил давомида турли мамлакатлар қамоқхоналарида ўтирган. Масалан, ҳаракатнинг сиёсий қаноти раҳбари Мулла Бародар 2010-2018 йилларда Покистонда қамоқда бўлган. Улар ҳокимиятни эгаллаш қанчалик қийин бўлганини яхши англайди ва уни сақлаб қолиш учун барча воситаларни ишга солади. Толибларнинг ҳокимиятда қолиши учун уларнинг халқаро миқёсда тан олиниши муҳим. Шу сабабли улар аёллар ҳуқуқини, виждон эркинлиги ва бошқа базавий ҳуқуқларни ҳурмат қилишга мажбур.
Лекин “Толибон” таркибида ўта радикал кайфиятдаги жангарилар ҳам бор. Россия президентининг Афғонистон бўйича вакили Замир Кабулов толибларнинг тахминан 30 фоизи радикаллардан иборатлигини айтганди. Экспертларнинг фикрича, ҳозирда, айнан, шу жангарилар кескин хатти-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Баъзи таҳлилларга кўра, уларнинг дунёқарашига Сурия ва Ироқдаги экстемистик гуруҳлар катта таъсир кўрсатган. Бу, шунингдек, “Толибон” бирлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Бу каби бўлиниш 1996—2001 йилларда “Толибон” ҳокимиятда турганда ҳам кузатилган. Ўша пайтда ҳаракатнинг икки сиёсий маркази бўлиб, улар Кобул ва Қандаҳорда жойлашган эди. Кобулдаги ҳукумат прагматик қарашлари билан ажралиб турса, Қандаҳорда “Толибон”нинг энг радикал раҳбарлари тўпланган.
Ҳаммасини вақт кўрсатади
Аёлларнинг таълим олиш ҳуқуқи сақланишига доир ваъдаларига ҳам шубҳа билан қаралмоқда. Чунки “Толибон” илк бор ҳокимиятни эгаллаганда (1990) ҳам аввалига аёлларнинг ишлашига рухсат берганди. Бироқ кейинчалик бу қарор бекор қилинган эди. Ҳозирда толибларнинг бу каби баёнотлари, биринчидан, мамлакат ичкарисида ҳокимиятни мустаҳкамлашга, иккинчидан эса халқаро майдонда имиджини яхшилашга қаратилган қадамлар сифатида баҳоланмоқда. Вақт ўтиши билан толиблар яна радикал қадамлар қўймаслигига кўпчилик ишонмаяпти.
“Толибон” бераётган катта ваъдалардан яна бири — гиёҳванд моддалар етиштиришни бутунлай тўхтатиш. Лекин сўнгги маълумотларга кўра, ҳаракат харажатларининг 30 фоизи гиёҳванд моддалар савдосига боғлиқ. Шу боис толиблар қанчалик қарши бўлмасин, ҳозирда бу ваъдани амалга ошириши кўпчиликда шубҳа уйғотмоқда.
“Толибон” ҳеч кимдан қасос олмаслигини маълум қилган. Ҳаракат собиқ амалдорларни иш фаолиятини давом эттиришга чақирди. Шунингдек, уларга янги ҳукуматдан лавозимлар таклиф қилинишини маълум қилди. Аммо 19 август куни Лоғар вилояти собиқ губернатори отиб кетилди.
“Толибон” ҳозирда Афғонистондаги энг йирик ва қудратли куч. Эртами- кечми у билан мулоқот бошланиши аниқ. Аммо бу мулоқот ва ҳамкорлик, албатта, ҳар бир томоннинг миллий манфаатлари доирасида амалга оширилади. “Толибон”нинг ўзгарган ёки ўзгармаганини эса вақт кўрсатади.
Жаҳонгир ҚЎЗИЕВ







