Ниагара шаршараси Ўзбекистон байроғи рангларида ёритилади
АҚШ ва Канаданинг асосий диққатга сазовор жойи, дунёга машҳур Ниагара шаршараси 1 сентябрь куни Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллиги шарафига байроғимиз рангларида ёритилади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг АҚШдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жавлон Ваҳобов ўзининг Twitter саҳифасида хабар берди.


Маълум қилинишича, шаршара Ўзбекистон байроғи рангларида ёритилиш вақти маҳаллий вақт билан 1 сентябрь куни соат 22:30га тўғри келади. Ўзбекистонликлар ушбу ҳодисани Тошкент вақти билан 2 сентябрь куни соат 7:30да ушбу ҳавола орқали жонли эфирда кўришлари мумкин.
Шаршаранинг Ўзбекистон байроғи билан ёритилиш вақти 15 дақиқа давом этиши кутилмоқда.
Маълумот учун, бу ноёб тадбирни ташкил этиш бўйича келишувга 27 август куни АҚШдаги дипломатик миссиямиз (Канадада ҳам аккредитациядан ўтган) Ниагара шаршараси маъмуриятининг раҳбарияти билан эришган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида жойлашган дунёнинг энг баланд иморати «Бурж Халифа»да Ўзбекистон байроғи 2020 йил 1 сентябрь куни 1 дақиқа давомида намойиш этилганди.







