Эстония Россияни “тийиб туриш”нинг янги усулини таклиф қилди
Эстония Президенти Керсти Кальюлайд Европа Иттифоқига Россияни “тийиб туриш” усулини таклиф қилди

Кальюлайднинг маълум қилишича, Болтиқбўйи давлатлари мудофаа учун ЯИМ нинг 2 фоизини сарфлайди. Аммо улар ҳалигача ҳаво ҳужумига қарши ўз мудофаа тизимига эга эмас. Бу тизимнинг яратилиши Россияни “тийиб туради”.
“Европа Иттифоқида ҳар йили ташкилотга аъзо давлатлар мудофаа салоҳиятини ривожлантириш масаласи муҳокама қилинади. Биз беш йилдан буён Брюсселда Болтиқбўйи давлатлари, хусусан, Эстония ҳарбий харажатлар учун ЯИМ нинг 2 фоизини сарфлашини айтиб келяпмиз. Лекин бизда ҳамон ўрта узоқликдаги ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими йўқ”, деб айтган Эстония Президенти.
Кальюлайд ЕИ мудофаа харажатларини адолатли тақсимлайдиган механизмни ишлаб чиқиши лозимлигини қайд этди. Унинг фикрича, Бирлашув фонди маблағлари орқали Болтиқбўйи давлатларида ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими яратилишини молиялаштириш мумкин.
НАТО сўнгги йилларда Россия чегараларида фаоллашган ва бу “Россия агрессиясини тийиб туриш” сифатида баҳоланмоқда. Москва ўз навбатида бунга қарши норозилик билдириб келади.







