«Толибон» ҳокимияти - бу афғон халқининг танлови эмас
Афғонистонда вазият сўнгги кунларда янада кескинлашди.

15 август куни Кобулнинг толиблар томонидан жангсиз эгалланиши, ундан кейинги эвакуация жараёнлари ва 26 август кунги Кобул аэропортидаги теракт бутун дунёни ларзага солди. Афғонистон масаласи бутун дунёнинг диққат эътиборида турибди. Zamon.uz ушбу мамлакатда вужудга келган вазиятни чуқур таҳлил этиш мақсадида шарқшунос-афғоншунос олим, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Суҳроб Бўронов билан интервью ташкил қилди.
Хабарингиз бор 26 август куни Кобул аэропортида даҳшатли портлашлар содир бўлди. Оқибатда юзлаб инсон, жумладан, АҚШ фуқаролари ҳам ҳалок бўлди. Бу Афғонистондаги умумий вазиятга қандай таъсир қилади?
— Афғонистондаги жорий вазият жаҳон ҳамжамияти диққат-марказида турибди. ОАВ тили билан айтганда Афғонистон “тренд” мавзуга айланди.
Кобул аэропортидаги теракт жаҳон ҳамжамияти томонидан кескин қораланди. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар сони 170 дан, жароҳатланганлар сони эса 200 дан ошган. Терактни ташкил этган томон сифатида ИШИД кўрилди ва террорчи ташкилотнинг ўзи ҳам буни зиммасига олди. Аммо кўплаб экспертларнинг фикрича, бу шунчаки теракт эмас, балки унда Афғонистондаги бўлажак сиёсий ўйинларни кўриш мумкин.
Мамлакатдан хориж қўшинлари, айниқса, АҚШ ҳарбийлари чиқиб кетиши ортидан вужудга келган бўшлиқ террористик ва экстремистик кучлар томонидан тўлдирилиш эҳтимолини кўрсатмоқда. Шу сабабли ушбу ҳодисага БМТ томонидан ҳам эътибор қаратилди.
— Терактдан сўнг АҚШ реакцияси ўзига хослигини кузатиш мумкин. АҚШ Президенти Жозеф Байден ўз баёнотида ҳужум уюштирган ташкилотларга қарши курашишини айтиб ўтди. 27 август куни Пентагон томонидан Нангарҳор вилоятида ИШИД марраларига зарба берилди. Умуман, сизнинг фикрингизча, АҚШ Афғонистонда мағлубиятга учраганми? Кўплаб сиёсатчилар, жумлада, АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп мамлакатдаги вазиятни Вашингтоннинг мағлубияти сифатида баҳолади. Маълумотларга кўра, АҚШ 20 йил давомида Афғонистонда 2 триллион доллардан ортиқ маблағ сарфлаган, бу кунига 300 миллион доллардан тўғри келади. Шундай катта маблағ сарфлаб ва энг замонавий қуролларни қўллаб Вашингтон мағлубиятга учраши мумкинми?
— Албатта, жорий эвакуация жараёнида содир этилган теракт АҚШнинг ташқи сиёсий имижига таъсир кўрсатмай қолмайди. Портлашда Америка аскарларининг ҳалок бўлиши тезкор равишда жавоб чораларини қўллашга олиб келди. Юқорида айтилганидек, ҳарбий-ҳаво кучлари ёрдамида дарҳол зарбалар берилди. Лекин масаланинг бошқа жиҳатларини кўриш лозим. Бу жойда стратегик таҳлил қилиш керак. Бир қатор экспертлар томонидан сўнгги воқеалар АҚШнинг Афғонистондаги мағлубияти сифатида баҳоланди. Лекин мен шахсан бундай деб ҳисобламаган бўлар эдим.
Чунки Американинг Афғонистондаги стратегияси эмас, тактикаси ўзгармоқда. Вашингтон бу ерда узоқ йиллик стратегияни ишлаб чиққан ва бу унинг Евроосиёдаги умумий стратегияси билан ҳамоҳанг. Бошқача айтганда, АҚШ Афғонистон, умуман минтақадаги ўз иштирокининг шакли ҳамда доирасини ўзгартиришни мақсад қилган бўлиши мумкин.
Шу сабабли мағлубият ҳақида гапиришга эрта. Вашингтон ҳали тўлиқ мамлакатни тарк этгани йўқ, 31 августда тарк этиш айтилган бўлса-да, вазият кескинлашуви ортидан АҚШ ҳарбий ёки сиёсий таъсирини яна кучайтириши мумкин, деган тахминлар бор.
— Ғарб қўшинларининг чиқиб кетиши Афғонистонда сиёсий вакуумни вужудга келтирди. Табиийки, бу бўшлиқ бошқа кучлар томонидан тўлдиришга ҳаракат қилинади. Ҳозирда сиёсий вакуум Россия ёки Хитой томонидан тўлдирилиши варианти илгари сурилмоқда.
Хитой Афғонистонда жуда катта иқтисодий манфаатларга эга. Бундан ташқари, сўнгги маълумотларга кўра, бу ерда нодир металларнинг улкан захиралари мавжуд. Бу, албатта, қўшни давлатларнинг, йирик сиёсий кучларнинг эътиборини тортади. Фикрингизча, сиёсий бўшлиқ Хитой томонидан тўлдириладими ва Афғонистонда Пекин таъсири кескин ошиб кетадими?
— Ўринли савол. Ҳозир кўпчилик Афғонистонда келгуси вазият қандай бўлади, ташқи кучлар қандай роль ўйнайди, дея мунозара юритмоқда. Хитой бу мамлакатдаги вазиятда муҳим роль ўйнайди. АҚШ ва Россиядан фарқли ўлароқ, Хитой Афғонистон билан бевосита чегарадош бўлган йирик давлат ҳисобланади. Бу унинг ўзига хос хусусияти. Қолаверса, Пекин минтақада кўплаб йирик лойиҳаларни амалга оширишга ҳаракат қилаётган мамлакат.
Афғонистонда вазиятнинг беқарорлашишда давом этиши унинг шундоқ ҳам пароканда бўлган иқтисоди учун жиддий зарба бўлади. Мамлакат иқтисодий жиҳатдан тикланиши керак. Бунинг учун унга жаҳон ҳамжамияти, хорижий мамлакатлар ёрдами зарур. Кўпчилик экспертлар фикрича, Ғарб томонидан Афғонистонга шу пайтгача бериб келинган ёрдам ўрнини Хитой томони эгаллаши мумкин. Аммо жараённинг қандай бўлиши воқеаларнинг кейинги ривожига боғлиқ. Шу билан бирга Хитой аллақачон Афғонистонда маълум иқтисодий лойиҳаларни бошлаган. Катта эҳтимол билан Афғонистон иқтисодий тикланишида Пекин фаол бўлади.
— Иқтисодий тикланиш масаласи тилга олинди. Бу жараёнда Ўзбекистоннинг роли қандай? Расмий Тошкент илгари сураётган Мозори Шариф-Кобул-Пешовар темирйўли тақдири масаласи кўпчиликни қизиқтирмоқда. фикрингизча, Ўзбекистон Афғонистон иқтисодий тикланишида энг муҳим давлат бўла оладими?
— Афғонистоннинг тикланишида энг муҳим давлатлардан бири Ўзбекистон ҳисобланади. Афғонистоннинг дастлабки темир йўли – Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўлини қурган давлат сифатида Ўзбекистон Афғонистон иқтисодий тикланишда ҳар томонлама роль ўйнаб келди. Ўзбекистоннинг Мозори Шарифгача бунёд этган темир йўл тажрибаси ва афғон заминининг иқтисодий тикланишидаги жиддий ролини ҳисобга олган ҳолда, темир йўлни Пешоваргача узайтириш ташаббуси юқори баҳоланмоқда. Ушбу лойиҳа Марказий Осиёни Афғонистон орқали Жанубий Осиё билан боғлаш стратегиясида муҳим ҳисобланади. Ҳозирда Ўзбекистон ташқи сиёсатида республиканинг Жанубий Осиё денгиз портларига чиқиш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда. Табиийки, бу фақат Тошкент билан боғлиқ жараён эмас, унда Афғонистоннинг тинч ва барқарор бўлиши, Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари, йирик давлатлар ҳамда Жанубий Осиёдаги йирик кучлар – Ҳиндистон ва Покистоннинг ҳам алоҳида ўрни бор.
— Маълумки, йирик иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун кучли сиёсий ҳокимият зарур. “Толибон” ана шундай куч бўла оладими?
—Бунинг учун "Толибон"нинг ҳокимиятга келиш омилларини кўриб ўтиш зарур бўлади.
Толибларнинг Афғонистонда ҳукмронлик ўрнатиш сабабини уч омил билан изоҳлаш мумкин.
Биринчидан, собиқ ҳукумат жангсиз таслим бўлди. Бу собиқ ҳукуматнинг коррупцияга ботганлиги ва энг йирик шаҳарларни эгаллаши учун “Толибон” ҳаракатига шароит яратиб берганлиги билан изоҳланмоқда.
Иккинчидан, толиблар тактикаси ва дипломатияси ўзгарган. Уларнинг юришларида энг катта қаршилик кўрсатадиган томон Афғонистоннинг шимоли ҳисобланади. 90 йилларда бу ерда “Толибон” “Шимолий альянс” қаршилигига дуч келган. Толиблар бу сафар шу каби воқеаларнинг олдини олиш мақсадида, шунингдек, шимолга кенг кўламли юриш қилишдан олдин ўтмишда “Шимолий альянс”ни қўллаб-қувватлаган кучлар билан – Россия, Эрон, шунингдек, Хитой билан музокара олиб бориш учун ушбу давлатларга ташрифлар уюштиришди. Бу “Толибон” дипломатиясининг ўзига хослигини кўрсатади.
Шунингдек, толибларнинг Кобулни эгаллашини кузатадиган бўлсак, улар пойтахтга дарҳол ҳужум қилмади. Бу билан улар Кобулда бўлиб турган чет эл дипломатик ходимлари эвакуация қилинишини, кейинчалик эса “Толибон” ҳокимиятини халқаро ҳамжамият томонидан тан олинишини мақсад қилганини англатади. Бу ерда чуқур ўйланган дипломатия ва тактикани кўриш мумкин.
Учинчидан, ташқи кучлар омили. Фикримча, ташқи кучларга энг муҳим фактор сифатида қараш керак. “Толибон” ҳокимиятининг ўрнатилиши – бу афғон халқининг танлови эмас, энг аввало ташқи ўйинчилар танлови. Бунинг мисолини қочқинлар сонининг кескин кўпайиб кетаётганлиги билан изоҳлаш мумкин. Бундан ташқари, UNICEF маълумотларига кўра, Афғонистонда ҳозирга келиб 10 миллион нафарга яқин бола гуманитар кўмакка муҳтож.
“Толибон” аллақачон сиёсий кучга айланиб бўлган. Улар ҳокимиятни қўлга киритгач, бу жараён янада легал хусусиятга айланди. Шу жиҳатдан, уларни сиёсий куч сифатида эътироф этса бўлади. Эндиликда толиблар олдида турган асосий масала ўз ҳокимиятини мустаҳкамлашдан иборат. Бу йирик ташқи кучлар, қўшни давлатлар қўллаб-қувватловисиз амалга ошмайди. Толибларнинг кейинги фаолиятини таҳлил этишда жу жиҳатларга эътибор қаратиш зарур бўлади.
—“Толибон” ўзгарганлиги ҳақида гапирилди. Ҳаракат вакиллари томонидан ҳам бу кўп қайд этилган. Улар ҳозирги “Толибон" йигирма йил аввалги “Толибон” дан фарқ қилишини айтишмоқда. Сизнингча, толиблар ҳақиқатдан ҳам ўзгарганми?
— “Толибон” ўзгарган ёки ўзгармаганлигини уларнинг ҳукумат тузиб, қандай сиёсат юритишидан сўнг англаш мумкин. Ҳозирча бирор нарсани таҳмин қилиш мушкул. Ҳали ҳукумат тузилмади. Шунингдек, бўлажак ҳукумат қандай тартибда тузилади, ҳамма этник ва диний гуруҳларни қамраб оладиган инклюзив ҳукумат шакллантирилиши масаласи очиқ турибди.
Толибларнинг баёнотларини кузатадиган бўлсак, ҳаракат ўзгаришларга тайёрлигини айтмоқда. Аммо юқорида айтилганидек, улар ҳақида сўнгги баҳони ҳукумат тузилгандан сўнг бериш мумкин.
Инклюзив ҳукумат масаласи Афғонистон ички сиёсатида муҳим муаммо бўлиб турибди. Савол шундан иборат: бу ҳукуматга ким киради ва унда ҳал қилувчи сўзни ким айтади?
Ҳозирда бу билан боғлиқ музокаралар давом этмоқда. Бу жараёнларда энг муҳим томонлар сифатида “Толибон” сиёсий қаноти, собиқ президент Ҳамид Карзай ва Миллий ярашув масалалари бўйича олий кенгаши раиси Абдулла Абдулла иштирок этаяпти. Ҳозирча бўлажак ҳукуматда қайси этник гуруҳлар ва сиёсий кучлар қатнашиши номаълум. “Толибон” баёнотларига таянилса, ҳукуматга барча гуруҳлар киради, аммо фикримча, бу ҳукуматда толиблар энг муҳим куч бўлади.
Ҳукумат тузилишида иштирок этиши мумкин бўлган томонлардан яна бири Аҳмад Масъуд бўлиши мумкин. Панжшер билан музокаралар натижаси ижобий бўлса, Масъуд ва Амрулла Солиҳ ҳам ҳукумат таркибидан жой олиши мумкин. Лекин такроран айтаман, ҳар қандай ҳолатда ҳам “Толибон” энг муҳим куч сифатида ўзини сақлаб қолади.
—Панжшер масаласи тилга олинди. Маълумки, 90 йилларда Панжшерда толибларга қарши “Шимолий альянс” ни тузилган. 2021 йилга келиб бу ҳолат яна такрорланмоқда: “Толибон” га қарши кучлар вилоятга тўпланмоқда. Паншжер янги “Шимолий альянс”нинг маркази бўла оладими?
— Афғонистонда тарих такрорланмоқда. Ҳозирча Панчжер “Шимолий альянс” сингари ташқи кучлар қўллаб-қувватланадиган даражада эмас. Лекин, Панжшерда ҳақиқатдан ҳам толибларга қарши кучлар аста-секин тўпланмоқда. Лекин айнан Аҳмад Масъуднинг иштироки қаршилик ҳаракатининг ташқи кучлар томонидан қўллаб қувватланишига сабаб бўляпти. Маъсуд асосий ёрдамни Ғарб томондан сўради. Шу жиҳатдан, Аҳмад Масъуд ва уни қўллаб қувватлаётган томонларга ташқи кўмак зарур. Бусиз улар толибларга қарши тура олмайди.
—Сўнгги савол Афғонистоннинг келажаги билан боғлиқ. Мамлакатда сиёсий вазият қандай бўлади ва бу қўшни давлатларга қай даражада таъсир қилади?
—Мураккаб савол. Афғонистонда ҳаттоки эртага нима бўлишини тахмин қилиш мушкул. Сабаби бу мамлакатда вазият жуда тез ўзгариб туради.
Шуниси аниқки, Афғонистон келажаги энг аввало “Толибон”нинг ҳукуматни қай даражада ташкил этиши билан боғлиқ.
Иккинчидан, қўшни давлатларнинг толиблар билан муносабати масаласи жуда муҳим. Жаҳон ҳамжамияти “Толибон”га нисбатан якдил позициясини ишлаб чиқмагунча, Афғонистон қўшнилари ҳам ҳаракатни қонуний куч сифатида тан олмаслиги эҳтимоли катта.
Ҳозир мамлакатда вазият жуда мўрт. Афғонистондаги ҳолатга қўшни давлатларнинг муносабати ҳам ҳал қилувчи роль ўйнаши мумкин.
Агар “Толибон” ваъдасида туриб, инклюзив ҳукумат тузса, бу қўшни давлатларга ҳам ижобий таъсир қилади. Лекин менинг шахсий фикрим –вазият қалтис ва салбий сценарий асосида ривожланиб кетиши мумкин. Жумладан, “Толибон”нинг бошқа экстремистик ва террорчи гуруҳлар билан алоқалари ортидан мамлакатдаги вазият янада оғирлашиши мумкин. Бундан ташқари Афғонистонда диний ва этник бўлинишлар юз бериши, фуқаролар урушининг авж олиб кетиши сценарийлари ҳам мавжуд.
Жаҳонгир Қўзиев суҳбатлашди.







