АҚШ Афғонистонни нима учун тарк этди?
31 август, бугун сўнгги АҚШ ҳарбийси Афғонистонни тарк этди. АҚШ тарихидаги энг узоқ уруш шу тариқа тугади.


Вашингтон 20 йил давомида 2 триллион доллар маблағ сарфлаб, охир-оқибат ўтмишдошлари — Буюк Британия империяси ва СССР каби Афғонистондан деярли натижасиз чиқиб кетди.
Жорж Буш нима учун қўшин киритган?
90 йиллар, хусусан, «Толибон» ҳокимиятни эгаллаган даврда Афғонистон халқаро терроризм ва экстремизм марказига айланди. Мамлакат ҳудудида юзлаб лагерлар террорчилар тайёрлаш билан шуғулланган. Бу ердан туриб дунёнинг турли чеккаларида терактлар уюштирилган.
2001 йил 11 сентябрь АҚШ тарихини тубдан ўзгартириб юборди. Шу куни Нью-Йорк ва Вашингтондаги терактлар бутун дунёни ларзага солди. Нью-Йоркда “Эгизаклар минораси” портлатилиши оқибатида 3 мингга яқин инсон ҳалок бўлди.
АҚШнинг ўша пайтдаги Президенти Жорж Буш терактларни АҚШга қарши уруш сифатида баҳолади. Америка ҳукмрон доиралари буни мамлакатнинг глобал гегмонлигига таҳдид, деб атади.
2001 йил октябрь ойида АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари Афғонистонда толибларга зарба беради. Урушнинг дастлабки босқичида АҚШ қуруқлик қўшинларидан фойдаланмаган. Қуруқликда “Шимолий альянс” қўшинлари ҳаракат қилган, Вашингтон эса унга ҳаводан кўмак берган.
2001 йил ноябрда Кобул «Толибон»дан озод қилинади. Аста –секинлик билан бошқа йирик шаҳарлар ҳам альянс қўлига ўтади.
2004 йилда гарчи Афғонистон Ислом Республикаси тузилгани эълон қилинган бўлсада, лекин бу ҳукумат асосан АҚШ ёрдамида сақланиб турган.
Вашингтон Афғонистон армиясини шакллантириш учун миллиардлаб доллар сарфлаган. Аммо бу пуллар ҳавога совурилгани 2021 йилда маълум бўлди.
Қўшинлар сони нима учун оширилди?
АҚШ ўзи истамаган ҳолатда Афғонистонда қўшинлар сонини ошира бошлади. Бунга энг катта сабаби толибларнинг урушни тўхтатмагани эди. «Толибон» мағлуб бўлсада, Афғонистон ҳудудида партизанлик курашини олиб боради. Бундан ташқари уларнинг асосий қисми Покистонга ўтиб кетади ва бу ердан туриб Афғонистонга ҳужумлар ташкил қилади. АҚШ ҳаво ва бошқа воситалар ёрдамида уларга зарба берсада, лекин толиблар қаршилигини синдира олмайди.
Энг катта бўлинмалар жўнатиш Барак Обама даврига тўғри келади. 2009 йилда Обама Афғонистонга 30 минг кишилик қўшин жўнатган. 2011йилга келиб Афғонистонда АҚШ ҳарбийлари сони 150 минг кишига етади.
2014 йилдан бошлаб контингентни қисқартириш бошланади. Мамлакатдаги хавфсизликни таъминлаш афғон қуролли кучларига юклатилади. «Толибон» ва бошқа гуруҳларга қарши курашда АҚШ асосан ҳаводан кўмак бера бошлаган.
АҚШнинг Афғонистонни тарк этиши — табиий жараён
АҚШнинг Афғонистонда ҳеч қачон абадий қолиш нияти бўлмаган. Маълум муддатдан кейин унинг кетиши табиий эди. 2009 йилдаёқ Обама 2011 йилда қўшинлар чиқиб кета бошлашини эълон қилган. 2014 йилдан бошлаб контингент қисқартирила бошланади. 2014 йил декабрига келиб Америка бошчилигида халқаро коалициянинг асосий қисми мамлакатни тарк этди.
2015 йилдан НАТО “Resolute support” (“Қатъий қўллаб-қувватлаш”) операциясини бошлаган, асосий эътибор ҳарбий эмас, балки антитеррор операциялар ва афғон хавфсизлик кучларига ёрдамга қаратилди.
Трамп президентлиги даврида қўшинларни олиб чиқиш жараёни тезлашди. Унинг сайловолди дастурида Афғонистондаги урушни якунлашга алоҳида эътибор қаратилган эди.
2020 йил февралда Доҳадаги «Толибон» сиёсий офисида Афғонистон ҳукумати ва АҚШ ўртасида шартнома имзоланди. Унга кўра хорижий қўшинлар мамлакатни 14 ой ичида тарк этиши керак эди.
Жозеф Байден президент этиб сайланганидан кейин кўпчилик Трамп маъмурияти имзолаган келишув энди бекор бўлади ва АҚШ Афғонистонда яна қолади, деган фикрга келди.
Аммо АҚШ ташқи сиёсатида ўзгармас қонун бор – аввалги ва ҳозирги Президент сиёсати, дунёқараши ва дастури бир-биридан қанчалик фарқ қилмасин, Вашингтон учун стратегик аҳамиятга эга қарорлар ўз кучини сақлаб қолади. Афғонистонда ҳам ҳудди шундай бўлди.
АҚШ Афғонистонни тарк этиш орқали, биринчидан, кучларини Осиё-Тинч океани ҳавзасига тўпламоқчи.
Иккинчидан, Афғонистондан АҚШнинг чиқиб кетиши беқарорликни вужудга келтирди. АҚШ бу билан Хитой ва Россия эътиборини жанубга қаратди. Демак, Афғонистонни тарк этиш Американинг глобал стратегиясига мос тушади.
Жаҳонгир Қўзиев







