“Толибон” Покистоннинг лойиҳасими?
4 сентябрь куни толиблар ҳокимияти ўрнатилгандан кейин илк бор Кобулга олий мартабали меҳмон ташриф буюрди.

Бу Покистон Идоралараро разведка хизмати (ISI) раҳбари Файз Ҳамид ҳисобланади. Покистон сўнгги вақтларда Афғонистондаги сиёсий ҳаётда яна катта роль ўйнай бошлади.
Покистон тарихан Афғонистонда катта таъсирга эга бўлган. Ўтган асрнинг 70-80 йилларида айнан шу ердан совет қўшинларига қарши кучлар бошқарилган Покистон шу даврда миллионлаб афғон қочқинларига жой берган. Ана шу қочқинлар орасида келажакда улкан сиёсий кучга айланган ҳаракат –“Толибон” шаклланган эди. Баъзи экспертлар толибларни Исломобод лойиҳаси сифатида кўради. Бу гапларда қисман жон бор. Сабаби ҳаракатнинг ташкил этилиши ва асосини тузишда Покистон Идоралараро разведка хизмати катта ўрин тутган.
Совет қўшинлари чиқиб кетгандан кейин расмий Исломобод собиқ мужоҳидлар раҳбари–Гулбиддин Ҳикматиёрни қўллаб-қувватлашда давом этади. Аммо маълум вақтдан кейин Ҳикматиёрнинг айрим ҳаракатлари унга бўлган ишончни камайтирди ва Покистон унинг ўрнига янги кучни қидира бошлади. Шундай шароитда “Толибон” сиёсий майдонга чиқади.
Дастлаб толиблар Покистон ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланмаган. 90 йилларда Покистон Ички ишлар вазири бўлган, келиб чиқиши пуштун Насрулло Бабаргина ҳаракатни таъминлай бошлайди. Бабар дастлаб “Толибон” жангариларини Покистон ва Марказий Осиё ўртасидаги савдо карвонларини қўриқлайдиган куч сифатида кўрган.
Юқорида айтилганидек, Ҳикматиёрнинг айрим ҳаракатлари Исломободнинг унга бўлган ишончини камайтирган. Шундан кейин Идоралараро разведка хизмати бор эътиборни толибларга қаратади.
“Толибон”нинг 90 йилларда Афғонистондаги ҳокимияти ўрнатилишида Покистон алоҳида ўрин тутди. Унинг ҳарбий маслаҳатчилари ва зобитлари афғон шаҳарлари эгалланишида иштирок этган деган таҳминлар мавжуд. Ҳаракат ҳокимиятини тан олган кам сонли давлатлардан бири ҳам айнан Покистон эди. 1996-2001 йиллар давомида Исломобод толибларга катта молиявий ёрдам берган.
2001 йилда АҚШ бошчилигидаги коалиция “Толибон”га қарши уруш бошлагач, Покистон ҳам бу жараёнга қўшилади. Бунга қуйидаги омиллар сабаб бўлган:
Биринчидан, Покистоннинг четда туриши уни яккаланишига олиб келар, бу мамлакатнинг шусиз ҳам оғир аҳволини янада оғирлаштирар эди;
Иккинчидан, толиблар Исломобод кўрсатмаларига тўлиқ амал қиладиган қўғирчоқ ҳукумат эмас, балки мустақил куч эканини намойиш қилди. Унинг баъзи хатти-ҳаракатлари Покистон миллий манфаатларига зид эди.
Шундай бўлса-да, “Толибон” раҳбариятининг катта қисми Покистонга қочиб ўтади. Бу ерда толиблар қайта куч тўплайди, АҚШ ва Афғонистон ҳукуматига қарши ҳаракатлар бошқарилади. Кветта шаҳри ҳаракатнинг янги марказига айланади. Kветтада “Толибон” нинг сиёсий кенгаши –“Кветта шўроси” шаклланган. Бу кенгаш кейинчалик толибларнинг сиёсий қанотига айланди. Айнан шу сиёсий қанот ҳозирги “Толибон”нинг мўтадил қатлами саналади.
Покистон 2021 йил Кобул толиблар қўлига ўтгандан кейин ҳам ҳаракат билан яхши алоқаларни сақлаб қолди. Масалан, қўшни давлатлар ичида биринчилардан бўлиб чегарасини очди. Бундан ташқари турли гуманитар ёрдамлар тақдим этилмоқда. Лекин баъзи таҳминларга кўра бу сафар ҳам “Толибон” Покистон ёрдамида ҳокимиятга келган деган қарашлар мавжуд. Хусусан, Панжшердаги қаршилик ҳаракати шундай деб ҳисобламоқда. Идоралараро разведка хизмати раҳбари Файз Ҳамиднинг ташрифи ҳам шу нуқтаи назардан баҳоланди.
Экспертлар Ҳамидни “Толибон”нинг сиёсий ва ҳарбий қанотини келиштириш учун келган деб таҳмин қилишмоқда. Ҳақиқатдан ҳам ҳозирда Мулла Бародар (сиёсий қанот) ва “Ҳаққоний тизими” (ҳарбий қанот) ўртасида келишмовчилик мавжуд. Бу ҳукумат тузиш масаласини кечикишига сабаб бўляпти.
Покистонга Афғонистонда ўзи учун хайриҳох ҳукумат бўлиши жуда муҳим. Бу биринчидан, Марказий Осиё билан кенг савдо алоқаларини йўлга қўйишга ёрдам беради. Иккинчидан, Покистон ва Афғонистон ўртасида мавжуд чегара муаммосининг ҳал бўлишига олиб келади. Учинчидан, шимолий чегараларда иттифоқчи давлат бўлиши Исломободга ўзининг азалий рақиби Ҳиндистонга бор эътиборини қаратишига имкон беради.







