Ўзбекистонга қочиб ўтган афғон учувчилари АҚШнинг Қатардаги базасига олиб кетилади
Ўзбекистонга қочиб ўтган афғон учувчилари АҚШнинг Қатардаги базасига олиб кетилади.

Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар берди.
Гап толиблар ҳокимяти ўрнатилгандан кейин Ўзбекистонга қочиб ўтган 600 га яқин учувчи ҳақида кетмоқда. Улар ўзи билан 40 дан ортиқ самолёт ва вертолётни олиб келган.
АҚШ расмий Тошкент билан уларнинг кейинги тақдири борасида келишувга эришган. Маълум бўлишича, 585 нафар учувчи ва уларнинг оила аъзолари Қатардаги АҚШ ҳарбий базасига жўнатилади. Қатардаги базалар афғон қочқинлари учун транзит ҳудуд майдони вазифасини ўтамоқда.
Нашрнинг қайд этишича, қочқинларнинг АҚШгa олиб кетиш-кетмаслиги номаълум. Улар кейинчалик бошқа мамлакатга ҳам жўнатилиши мумкин.
Ҳарбийлар ўзлари билан олиб келган 46 авиация бирликлари масаласи очиқ қолган. Унинг таркибида АҚШ Black Hawk ва Россиянинг Ми-17 жанговор вертолётлари бор. Ҳозирда “Толибон” бу қурилмаларнинг барчасини қайтаришга ҳаракат қилмоқда.
Афғонистонда 15 август куни ҳокимият толиблар қўлига ўтди. Шундан кейин АҚШ ва Ғарб давлатлари фуқаролари ва улар билан ҳамкорлик қилган афғонистонликлар эвакуация қилинди.
Эслатиб ўтамиз, август ойи ўрталарида Сурхондарёда афғон самолёти қулаб тушгани хабар қилинган эди .







