"Маданий мерос ҳафталиги" — журналист нигоҳида
Хабарингиз бор, 13-14 сентябрь кунлари Тошкентда “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” маданий форуми доирасида «Ўзбекистон маданий мероси - янги Ренессанс пойдевори» V Халқаро конгресси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон, Россия, АҚШ, Германия, Италия, Венгрия, Франция, Буюк Британия, Туркия, Япония, Албания, Австрия, Афғонистон, Қозоғистон, Греция, Исроил, Ҳиндистон, Иордания, Эрон, Хитой, Ливан, Мўғулистон, БАА, Нидерландия, Украина, Польша сингари 40 га яқин мамлакатдан 350 нафар тарихчи ва шарқшунос олимлар иштирок этди.
Конгресс дунё маданият ихлосмандларини бир манзилда жам этди десак янглишмаймиз. Санъатшунос-журналист Шаҳноза Ғаниева тадбир ҳақида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

— Шуни фахр билан айтишим мумкинки, уч йилдан буён "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" , деб номланган ноёб лойиҳанинг видео версияси устида ишлаяпман. Бу лойиҳа шахсан менда катта таассурот қолдирди. Шу сабаб Лондон, Кембриж, Оксфорд, Париж, Берлин ва Санкт-Петербург шаҳарларидаги ноёб музей ва қўлёзма фондларида бўлдим. Бунинг натижасида чет элдаги ўзбек санъати тўпламлари ҳақида ўнлаб фильмлар тайёрланди.
Ушбу лойиҳа доирасида менга Смольнийдаги тантаналар пайтида намойиш этилган рус шарқшунослигининг 200 йиллигига бағишланган фильм суратга олиш топшириғи берилганидан фахрланаман. Бундай дастурлар асосида ишлаш менга катта завқ бағишлайди.
— Бу галги конгрессга ҳам қуруқ қўл билан келмагандирсиз?
— Ушбу конгресс учун 5 та фильм тайёрладим. Улардан бири мазкур лойиҳанинг 5 йиллигига бағишланган. Ана шу вақт оралиғида маданий мерос бўйича жуда катта ишлар амалга оширилди. Масалан, ўтган йили “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумида 35 жилдлик ноёб китоб-альбом тақдимоти бўлиб ўтди. Бу йил эса уларнинг сони 50 тага етди. Китобларда турли даврларга тааллуқли, дунё мамлакатлари тўпламлари, музейлари ва шахсий коллекцияларида сақланаётган Ўзбекистон тарихи ва санъатига оид ранг-баранг асарлар, қўлёзмалар жамланган.
Биринчи ролигимиз биз билан ҳамкорликда иш олиб борган олимлар, тарихчилар, музей раҳбарларига бағишланди. Иккинчи ролигимизда 50 жилдлик ноёб китоб-альбомнинг охирги 15 томи акс этган. Қолганлари ушбу лойиҳанинг янги йўналишларига бағишланган.
Бу ишларни сира тўхтамаслик керак, деб ўйлайман. Чунки бир пайтлар юртимиздан олиб кетилган ноёб асар ва буюмларни яна қайтариш имкони яратиляпти.
Масалан, бизда соҳибқирон Амир Темур ўғли Шоҳруҳ Мирзо ўз қўли билан ёзган қўлёзмаларнинг асл нусхаси йўқ. Улар тақдир тақазоси билан Франция миллий кутибхонасига бориб қолган. Ана шу қўлёзмаларнинг факсимиле нусхалари юртимизга олиб келинди. Юртдошларимиз улар билан энди бемалол шу ерда танишишлари мумкин.
Яна бир қилинаётган улкан иш — Қуръони Каримнинг 114 та нусхаси ягона китобга жамланади.
Конгресс доирасида Камолиддин Беҳзод миниатюраларига бағишланган ноёб кўргазма ташкил этилди. Келажакда “Монийни хижолат қилиб” китоб-альбомининг тақдимоти билан бир қаторда XIV-ХХ аср бошларида қадимий Самарқанд қоғозига битилган хаттотлик намуналари намойиш қилинади.
Томошабинлар дунё музейларидан олиб келинган замонавий рассомлар миниатюралари ва хаттотлар қўлёзмалари намуналари билан ҳам танишишлари мумкин.
Муножат Валиева







