Афғон журналистлари халқаро ташкилотга ёрдам сўраб аноним тарзда мурожаат қилди
100 дан ортиқ афғон журналистлари халқаро ҳамжамиятдан Афғонистонда матбуот эркинлигини ҳимоя қилиш учун ёрдам сўради. Журналистлар бу ҳақда "Чегара билмас мухбирлар" инсон ҳуқуқлари ташкилотига мурожаат юборган.

Баёнотга аноним тарзда 103 афғон журналисти, жумладан, 20 аёл имзо чекди. Уларнинг аксарияти ҳанузгача Афғонистонда ишлайди, баъзилари яширинган, ўн нафари муҳожирликда.
"Биз ҳаммамиз бу мурожаатни ўз ҳаётимизни хавф остига қўйиб аноним тарзда юборишга мажбурмиз. Афғонистонда журналистиканинг 1996 йилдан 2001 йилгача бўлгани каби унутилиб кетишини истамаймиз", - дейилади мурожаатномада.
Айтилишича, бугунги кунда, айниқса, аёл журналистларни ҳимоя қилиш долзарб масала саналади.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал БМТ Афғонистондаги миссиясини узайтиришга қарор қилган эди. 19 йилдан ошиқ вақт мобайнида мавжуд бўлган миссия “Толибон”нинг ҳукуматни қўлга олишидан сўнг яна олти ойга узайтирилди.







