Қозоғистонда отишма содир этган эркакнинг рафиқаси Президентга мурожаат қилди
Маълумотларга кўра, эркак ҳужумда ов милтиғидан фойдаланган.


Ижтимоий тармоқларда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида яшовчи эркакни уйидан суд қарори асосида чиқариб юбормоқчи бўлганларга қарата ўқ узгани ҳақида хабар тарқалган эди.
Унинг оқибатида беш киши ҳалок бўлган: икки полиция ходими, бир нафар суд ижрочиси, уйнинг янги эгаси ва унинг дўсти. Ўқ узган эркак ва унинг рафиқаси ҳақида қўшимча маълумот берилди. Бу ҳақда «Tengrinews» хабар тарқатди.
Маълумотларга кўра, эркак ҳужумда ов милтиғидан фойдаланган. Унинг номидаги қурол 2008 йилда рўйхатга олинган. У аввал ҳеч қандай диспансер рўйхатида турмаган.
“Минг афсуски, ҳамма қонунлар биз хоҳлаган тарзда ишламайди. Давлат вояга етмаган болаларни ҳимоя қилмайди. Мен уч фарзанднинг онасиман. Банк бизни алдади. У бизга хабар қилмай мулкимизни сотди. Ҳаммаси қандай содир бўлди, билмайман. Мен фақат ўқ овозларини эшитдим. Агар ўша пайтда прокурор келиб, ҳамма нарсани ётиғи билан тушунтирганида эди, бундай бўлмасмиди. Қон тўкилди, одамлар ва эрим жароҳатланди, оилам азият чекди. Президентга бир неча марта марта мурожаат қилганман, ҳозир ҳам мурожаат қиляпман. Фарзандларимни ҳимоя қилинг. Боламнинг юрагида нуқсони бор, аммо суд ижрочиси бунга аҳамият бермади”, — деган ўқ отган эркакнинг аёли журналистларга.
Маълумот учун: воқеа 20 сентябрь соат 17:00 атрофида Алатау туманидаги Оқбулоқ микрорайонида содир бўлган. Эркак оиласи билан яшаб турган уйи банк тўловини тўлолмагани учун суд уйни тортиб олиш ва бошқа кишига сотиш ҳақида қарор чиқарган. Аммо эркак ва унинг оиласи уйдан чиқишни хоҳламаган, суд қарори ижросини таъминлаш учун келган суд ижрочилари, туман полицияси ходимлари, уйнинг янги эгаси ва унинг дўстига қарата ўқ узган.
Оқибатда беш киши ҳалок бўлган, бир неча киши, жумладан ўқ узган одамнинг ўзи ҳам яраланган.
Чўлпоной Аҳмедова







