Ангренда 15,3 миллиард сўмлик парфюмерия воситаларининг сохта транзити аниқланди
Сўнгги вақтларда транзит тарзида олиб ўтилаётган товарларни юртимиз ҳудудида тушириб қолдириб, ноқонуний равишда ички бозорга йўналтиришга бўлган уринишлар тез-тез учрамоқда.

Республика ҳудудига транзит равишда олиб кирилиб, гўёки қўшни давлатга олиб чиқилиши режалаштирилган товар-моддий бойликларни ички ҳудудда тушириб қолдирилгани аниқланди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Нурбек Саломов Zamon.uz маълум қилди.
Унга кўра, Бирлашган Араб Амирликларидан юк автотранспорт воситасида келтирилаётган, ҳужжатларга кўра 48 минг 341 АҚШ доллари қийматидаги салкам 26 тонна оғирликдаги парфюмерия воситалари дастлаб Бухоро вилояти божхона бошқармасининг “Олот” чегара-божхона пости орқали республикамиз ҳудудига кирган.
Сўнгра ушбу юклар қўшни давлатга чиқиши учун Фарғона вилоятидаги “Ўзбекистон” чегара божхона постига йўналтирилган.
Мазкур юк автотранспорт воситаси Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри ҳудудида божхона ходимлари томонидан тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, тегишли ҳужжатларга мувофиқ автомашинага ортилган парфюмерия воситаларининг катта қисми йўл давомида тушириб қолдирилгани маълум бўлди.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирларидан сўнг юк автотранспорт воситасидаги парфюмерия товарлари пойтахтимизнинг Сергели туманидаги омборлардан бирига ноқонуний равишда тушириб қолдирилгани аниқланди.
Тезкор тадбир натижасида божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 95 минг 577 дона парфюмерия воситаларининг яширин айланмасига чек қўйилди.
Қиймати салкам 15,3 миллиард сўмни ташкил қилган мазкур товарларнинг эгаси ҳам аниқланиб, унга нисбатан тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ, Давлат божхона қўмитаси томонидан cифати кафолатланмаган дори воситаларининг муомалага киришининг олди олингани ҳақида хабар берилганди.







