Бир шахс 67 та корхонада раҳбар. Барча корхонаси солиқдан қарз — Давлат солиқ қўмитаси
“Фуқаро С.Н. раҳбар бўлган 67 та корхонанинг солиқдан 33,1 миллион сўм қарзи мавжуд. Бу ҳар бир корхонага ўртача 495 минг сўмдан тўғри келади”, деб хабар берди Давлат солиқ қўмитаси.


Хабарда айтилишича, ҳозирги кунда 47 минг 784 та солиқ тўловчи корхона раҳбари бир вақтнинг ўзида 113 минг 855 та субъектга расман раҳбарлик қилиб келмоқда. Улар орасида турли корхоналарнинг раҳбари бўлган ҳолда, ўз бошқарувидаги корхоналарнинг солиқ мажбуриятларини вақтида бажарилишини таъминламаган.
Қайд этилишича, бугунги кунда бир вақтнинг ўзида биттадан ортиқ ташкилотга раҳбарлик қилаётган корхоналарнинг бюджет олдидаги қарздорлиги жами қарздорликка нисбатан 34 фоизни ташкил этмоқда.
Шунингдек, 1 минг 302 нафар шахс раҳбарлик қилаётган 5 минг 66 та субъект солиқ ҳисоботини кечикиб топширган. Бу эса улар томонидан бюджетга тўланиши лозим бўлган маблағлар ўз вақтида ҳисобланмаслигига олиб келган.
Бир шахс бир вақтнинг ўзида биттадан ортиқ корхонага раҳбарлик қилиши қонунчиликда тақиқланмаган. Лекин бундан қатъи назар ҳар бир раҳбар ўз бошқарувидаги корхоналарнинг солиқ мажбуриятларини ўз вақтида бажарилишини таъминлаши лозим.
“Келгусида бундай ҳолатларга йўл қўйилганда ҚҚС тўловчиси сифатида махсус рўйхатдан ўтиш учун тақдим этилган аризани рад этиш ёки ҚҚС гувоҳномасини вақтинча тўхтатиш чоралари ишлаб чиқилмоқда”, – дейилади Давлат солиқ қўмитаси хабарида.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал тадбиркорларнинг солиқ ҳисоботини муддатида тақдим этмаганлиги учун молиявий санкциялар қўллаш бекор қилиниши, тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқот давомида берилган топшириқлар ижроси бошлангани ҳамда Президент ҚҚС маъмуриятчилигини такомиллаштириш тўғрисида қарорни имзолагани ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев







