Тошкент вилоятидаги хонадондан катта миқдордаги гиёҳвандлик воситалари аниқланди
Тошкент вилояти ИИББ ЖҚБ гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бўлимига катта миқдордаги гиёҳвандлик воситалари сақлаётган фуқаро ҳақида хабар келиб тушган.

Шунга асосан Тошкент тумани “Ибрат” МФЙда яшовчи, 1976 йилда туғилган Д.К.нинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Текширув давомида уй томорқасида 11 туп каннабис экилгани, товуқхонасида 20 кг марихуана, ошхона жавонида 500 гр кўкнор уруғи ва 700 гр наша уруғи борлиги аниқланди. Шунингдек, ушбу моддалар истеъмоли учун мўлжалланган қўлбола усулда ясалган идишлар далилий ашё сифатида олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан қўшимча суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Бундан аввал Тошкент шаҳрида уйида гиёҳванд модда ва қурол сақлаган фуқаро қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.
Муножат Валиева







