Алексей Навальнийга “Озодлик рицари” мукофоти берилди
“Медуза”нинг хабар беришича, Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний Польшанинг Казимир Пулавский номли фонди томонидан таъсис этилган “Озодлик рицари” мукофотига лойиқ кўрилди.


Маълумки, “Озодлик рицари” мукофоти 2005 йилдан буён “бутун дунёда демократия, эркинлик ва тенглик тараққиётига катта ҳисса қўшган” кишиларга берилади. Бундан аввал, ушбу мукофотга лойиқ топилган ягона россиялик Михаил Ходорковский эди.
Тақдирлаш маросими 5 октябрь куни Варшавада бўлиб ўтади. “Ив Роше” иши бўйича колонияда жазо ўтаётган Навальнийнинг ўрнига мукофотни унинг сафдошлари Владимир Милов ва Леонид Волков қабул қилади.
Маълумот учун, Казимир Пулавский фонди Польшанинг ташқи сиёсат ва халқаро хавфсизлик масалаларига ихтисослашган таҳлил маркази ҳисобланади. Фонд XVIII асрда фидойилик кўрсатган польшалик генерал Казимир Пулавский номи билан аталади. Фонднинг таркибида 60 нафар эксперт мавжуд. Уларнинг асосий тадқиқот йўналишлари Россия ва посцовет ҳудудидир. Ҳар йили фонд Варшава Хавфсизлик форумини ўтказади, унда Европа Иттифоқи ва НАТО мамлакатлари вакиллари иштирок этади.
Шу йил бошида Алексей Навальний Борис Немсов номидаги фонд мукофотига (у мукофот пулни сиёсий маҳбусларнинг оиласига топширган) ва Женева Инсон ҳуқуқлари форуми мукофотига сазовар бўлганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саакашвили нима учун Грузияга қайтгани маълум қилингани хабар қилинганди.
Чўлпоной Аҳмедова







