Равшана Куркова она шаҳри — Тошкентда халқаро кинофестиваль сабаб меҳмонда бўлди
“Ипак йўли дурдонаси” XIII Тошкент халқаро кинофестивали доирасида ижодий учрашувлар ташкил этилмоқда. Бу нафақат ижодкорлар, балки санъат, кино оламига қадам қўяётган ёшлар учун чин маънода маҳорат, тажриба ва синов майдони бўлмоқда.

Бугун, 2-октябрь куни Кинематография агентлиги биносида Равшана Куркова билан учрашув ҳамда маҳорат дарси бўлиб ўтди. Унда журналистлар ва ёшлар иштирок этишди.

Савол-жавоб тарзида ўтган учрашув кўпчиликда илиқ таассуротлар қолдирди. Иштирокчилар томонидан берилган саволларга актриса ҳаётий тажрибаларига таяниб, жавоб берди.
— Ёшлигимдан актриса бўлишни орзу қилардим. Очиқчасига айтаман, ижод йўлига осонликча кириб келмаганман. Бугунги кунгача бўлган натижалар узоқ изланишларим ва тинимсиз меҳнатим маҳсулидир. Ҳамкасбларим орасида ижод йўлларини эрта бошлаганлари ҳам бор. Аммо мен бу соҳага кеч кириб келганман. Асосий лойиҳалар, катта ролларим сўнгги 12 йил ичида ижро этилган. Ҳозир 41 ёшдаман. Шу ердаги ёшлар ва мухлисларнинг мени кутиб олишидан меҳнатларим зое кетмаганини англадим. Мени илк ижроларим кичик ва эпизодик роллардан бошланган. Муҳими, тасвирга олиш майдончасида бўлишга интилардим. Мен жуда ҳам масъулиятли инсонман. Бу менинг қонимга сингиб кетган. Асли, тошкентлик бўлганим учун бизнинг оилада тартиб-интизомга алоҳида эътибор қаратилган. Доим олдинга интилиб яшаганман. Айнан, шу феъл-атворим менинг ютуғим бўлган. Менга омад доимо кулиб боққан. Шу ўринда айтиб ўтиш жоиз, мен актёр дея қайд этилган ҳеч қандай дипломга эга эмасман. Актёрлик аслида бу – маҳорат, актёрлик бу – иқтидор.

Маълумот учун: актриса ўзбекистонлик актёр Баҳром Матчоновнинг қизи.
Эслатиб ўтамиз, кинофестиваль бош ҳомийси: AGMK, NGMK вa “O‘zbekneftgaz”. Ҳамкор ҳомийлар: “O‘ZBEKTELEKOM”, “O‘zdonmahsulot” AK, “O‘zpromstroybank” ATB, “Ipoteka-bank” ATIB, “Asakabank” AJ, “O‘zbekiston temir yo‘llari”, “Hududgazta’minot”, “UzAuto Motors” AJ, “O‘zmetkombinat” AJ, “Milliy bank” AJ, “Farg’onaazot” AJ, “Eriell”, “Bosch” TM, “Easy Booking”.
Аввалроқ француз актёри Жерар Депардье, америкалик таниқли продюсер Боб Ван Ронкель ҳамда ҳинд актёри Гульшан Гровер Тошкент халқаро кинофестивалида иштирок этаётгани ва улар фестиваль ҳақидаги ўз фикрларини билдирганди.
Баҳринисо Мадумарова







