Катта театрда актёр Евгений Кулеш бошига декорация қулаши оқибатида саҳнада вафот этди
Москва шаҳридаги Катта театрда "Садко" операси пайтида актёр Евгений Кулеш бошига декорация қулаши оқибатида саҳнада вафот этди. Бу ҳақда ТАСС хабар берган.

Саҳна манзараси ўзгарган вақтда конструкциянинг оғир бўлаги роль ижро этаётган актёр бошига қулаб тушди. Бош суяги очиқ синишидан Евгений воқеа жойида вафот этди, дейилади хабарда. Атрофдагилар актёрга зудлик билан ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилди, лекин уни қутқара олишмади.
Спектакль дарҳол тўхтатилди, томошабинлардан зални тарк этиш сўралган. Воқеа жойига полиция ва тез ёрдам етиб келган.
Марҳум - театр актёри Евгений Кулеш 1983 йилда туғилган. У Катта театрда қарийб 20 йил хизмат қилган.
Бундан аввал Грузиянинг Батуми шаҳрида 5 қаватли уйнинг қулаши натижасида 7 киши ҳаётдан кўз юмгани хабар қилинган эди.







