Озарбайжон Эрон билан мавжуд келишмовчиликларни ҳал қилишга тайёрлигини маълум қилди
Озарбайжон ва Эрон ташқи ишлар вазирлари ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Бу икки томонлама муносабатлар кескинлашаётган шароитда ташкил этилди.

Озарбайжон ТИВнинг маълум қилишича, ҳар икки томон ҳам мавжуд келишмовчиликларни мулоқот ёрдамида ҳал қилиш лозимлигини таъкидлаган. Вазирлар Эрон товарларининг Озарбайжон орқали транзитини ҳам муҳокама қилган. Айнан шу масала Боку ва Теҳрон ўртасида муносабатларни кескинлаштирган сабаблардан бири эди. Тоғли Қорабоғнинг Озарбайжон назоратига ўтиши, шунингдек, Эроннинг Арманистон билан савдосини ҳам мураккаблаштирди.
Эрон ташқи ишлар вазири Амир Абдуллоҳиён ҳам ўзаро мустақиллик ва чегаралар даҳлсизлигини ҳурмат қилиш муҳим эканини қайд этди. Унинг фикрича, ҳар икки томон ҳам ўзаро муносабатларда тушунмовчиликларга йўл қўймаслиги лозим.
Бундан аввал Эрон Озарбайжон билан чегара яқинида Исроил кучлари тўпланаётганини даъво қилиб, мамлакат тарихидаги энг катта ҳарбий машғулотлар ўтказди. Бунга жавобан Боку Нахичеван (Эрон чегараси)да Туркия билан қўшма машғулотлар ташкил этди. Бу бутун Кавказорти минтақасидаги вазиятни кескинлаштирди. Ташқи ишлар вазирлари мулоқоти эса бу кескинликни юмшатишга ҳаракат қилади. Бундан ташқари яқин кунлар ичида Амир Абдуллоҳиённинг Озарбайжонга ташриф буюриши кутилмоқда.
Бундан аввал Озарбайжон ТИВ Эрон билан чегарада хорижий давлат кучлари мавжуд эмаслигини маълум қилганди.
Жаҳонгир Қўзиев







