Google корпорацияси Ер юзидаги инсониятни қайта дастурлаш ва тармоқ фойдаланувчиларини кузатишга уриняпти — Роберт Эпштейн
Калифорниядаги хулқий тадқиқотлар ва технологиялар институтининг етакчи тадқиқотчи психологи ва Гарвард университети фан доктори Роберт Эпштейн lenta.ru’га берган интервьюсида АҚШнинг Google корпорацияси Ер юзидаги инсониятни қайта дастурлаш ва тармоқ фойдаланувчиларини кузатишга уринаётганини айтди.

Ҳозирги кунда Google шунчаки қидирув тизимидан деярли чегараланмаган ресурсга эга улкан корпорацияга айланди. Дунёда оммалашгани бўйича иккинчи ўринда турувчи YouTube видеохостинги каби 200 дан ортиқ сервис айни пайтда Google таркибига киради.
Эпштейннинг айтишича, шу йўл билан компания фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини йиғади.
Компания мақсади "The Selfish Ledger" номли 8 дақиқали видео умумий фойдаланишга сизиб чиққач очиқланди. Унда йиғилган маълумотлар орқали фойдаланувчининг хулқини тахмин қилиш ва унинг фикрини бошқа қарорлар фойдасига ўзгартириш мумкинлиги айтилган.
Эпштейннинг тадқиқотлари шуни кўрсатадики, Google ўз имкониятларидан АҚШдаги президент сайлови вақтида фойдаланган. Фан доктори “сайловолди пойгасида Google қидирув тизими натижаларида демократлар фойдасига ўзгариш бўлган”ини айтган.
Тадқиқотчилар бу маълумотни ноябрь ойида, сайловга бир неча кун қолганда эълон қилган ва Google’ни манипуляцияни тўхтатишга чақирган.
Бир муддат аввал 2021 йил Facebook, Google, Yandex, Apple Ўзбекистонга қанча солиқ тўлагани очиқланган эди.
Шарофат Маҳмудова







