Очлик эълон қилган Михаил Саакашвилининг аҳволи қониқарли экани маълум қилинди
Грузия собиқ президенти Михаил Саакашвилининг аҳволи қониқарли, у касалхонага ётқизилмайди. Бу ҳақда унинг врачи Николоз Кипшидзе маълум қилди.


Кипшидзе узоқ вақтдан сўнг Саакашвилининг олдига киришга муваффақ бўлган. “Охирги учрашувимиздан кейин мен энг ёмон ҳолатни кутгандим. Аммо шуни айтишим мумкинки, Саакашвилининг организми жуда бақувват. Ҳозирда у касалхонага ётқизилиши шарт эмас, аммо қачондир бунга ҳам зарурат туғилади”, – деган Кипшидзе журналистларга.
Унинг қўшимча қилишича, Саакашвили очликни давом эттиряпти. Ҳозирда у фақат чой ёки сув истеъмол қилмоқда. Шунингдек, Саакашвили зарурат туғилган тақдирда врачлар хулосасига кўра, даволанишга рози бўлган.
Маълумот ўрнида: Саакашвили 1 октябрь куни қамоққа олинган. У Грузияга 8 йиллик танаффусдан сўнг қайтиб келди. Собиқ президент 2004-2013 йилларда мамлакатни бошқарган. Шундан кейин у украина фуқаролигини қабул қилган ва бир қанча лавозимларда ишлаган.
Аввалроқ Саакашвилининг саломатлиги жиддий ёмонлашгани ҳамда Саакашвили нима учун қайтгани хабар қилинганди.
Жаҳонгир Қўзиев







