Ўзбекистон ва Пентагон чегара масаласида музокара ўтказди
АҚШ мудофаа вазирининг ёрдамчиси Кристофер Майер Ўзбекистон мутассадилари билан чегара хавфсизлигини таъминлаш бўйича музокаралар ўтказди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм хабар берди.

У ўзининг Twitter'даги саҳифасида қуйидагича изоҳ қолдирган:
“Мудофаа вазири ёрдамчиси Кристофер Майер бошчилигидаги идоралараро делегация ташрифи давомида Ўзбекистон ҳукумати билан бўлган икки томонлама ҳамкорлик бўйича самарали музокараларда иштирок этганим ва чегара хавфсизлиги масалалари муҳокама қилинганидан хурсандман”.
Маълумот учун: Американинг “Politico” нашри АҚШ контртеррористик кучларини Ўзбекистонга жойлаштиришни режалаштираётгани ҳақида мақола эълон қилиб, Пентагон вакиллари ушбу мавзуни муҳокама қилиш учун Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштирганди.
Аммо кейинчалик Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Америка ОАВларининг хабарларига изоҳ бериб, Афғонистондан бўладиган терроризм хавфи билан курашиш учун АҚШ қуролли кучларини Ўзбекистонга жойлаштириш масаласи муҳокама этилмаётганини маълум қилган.
Бундан аввал Пентагон Россияни АҚШ ва Европа учун асосий таҳдид сифатида баҳолагани ва Ўзбекистон Пентагон кучларини Республика ҳудудига жойлаштирмоқчи эмаслиги ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова







