Қишлоқ аёллари кетмонини ташлаб, сайловга борадими?
Жорий йилнинг 17 октябрь ҳолатига кўра, умумий сайловчиларнинг 10 762 291 нафарини аёллар ташкил этмоқда.

Гендер тенглиги масаласига давлат сиёсати даражасида қаралаётган бугунги кунда аёлларнинг неча фоизи Президентлик сайловида иштирок этиб, ўз танловини амалга оширишга тайёр?! Бу саволнинг жавоби ҳозирча мавҳум. Аммо сайлов кампанияси давомида уларнинг сайловга оид ҳуқуқий билимини ошириш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилди. Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоеванинг айтишича, “Бугун аёллар ҳар жабҳада фаол. Янги Ўзбекистоннинг янгича дунёқарашга эга ҳеч бир аёли сайловларга бефарқ бўлиши мумкин эмас”.
Тадбирда иштирок этган партия вакилларининг сўзларига кўра, ҳаттоки, узоқ қишлоқлардаги далаларда кетмон чопаётган сайловчи аёллар билан ҳам сайловолди учрашувлари ўтказилган. Қолаверса, бугунги ўзбек аёллари “ухлаётгани йўқ”.
Улар кетмонини сайлов куни ташлайдими-йўқми салкам 7 кундан сўнг маълум бўлади.
Тадбир иштирокчилари эътибор қаратган яна бир муҳим масала, узоқ қишлоқларда уй-рўзғор юмушларидан бўшаши қийин бўлган хотин-қизларни ортиқча безовта қилмаслик учун оила боши ҳамма учун овоз бериши каби ҳолатлар ҳамон учрайди. Бу каби ҳолатларнинг олдини олишда эса сайлов участкалари вакилларига кўпроқ масъулият юкланади. Ўзиникига қўшиб яна 2 ёки 3 та паспорт кўтариб келган оила боши қатъий қайтарилиши лозим. Қолаверса, бу ҳуқуқий ҳужжатлар билан ҳам мустаҳкамланган.
Уларни рўйхатга олиш масаланинг бир томони. Энг муҳими, уларни овоз бериш жараёнига жалб этиш. Хўш, сайловчи аёлларнинг неча фоизи овоз беришда иштирок этади? Қишлоқ аёллари кетмонини ташлаб, сайловга борадими? Балки ўша куни уй юмушларидан ҳам ортмас?! Бу каби саволларнинг аниқ жавоби йўқ, албатта.
Аммо бир нарса аниқки, у хоҳ, эркак хоҳ аёл бўлсин, ҳар ким ўзи учун танлов қилади. Ҳеч кимнинг кимдир учун овоз беришга ҳаққи йўқ.
Маълумот учун: Бугунги кунда Президент сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари аъзоларининг 102 нафари ва участка сайлов комиссиялари аъзоларининг 65 минг 974 нафарини хотин-қизлар ташкил этмоқда.
2019 йил Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайловда участка сайлов комиссияларининг таркибида 54 минг 361 нафар аёл иштирок этган.
Бу йилги рақамлар билан солиштирганда ушбу кўрсаткич 21,3 фоизга ошганлигини кўриш мумкин.
Аввалроқ Ўзбекистон парламенти хотин-қизлар сони бўйича дунёда 190 та миллий парламент ўртасида 37-ўринга кўтарилгани ҳамда 2022 йилда Самарқандда жаҳон мамлакатлари парламент аёл спикерларининг саммити ўтказилиши режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилганди.







