Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги: Ўзбекистон тажрибаси ва хориж амалиёти
Бугун, 19 октябрь куни Халқаро медиа-холлда “Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги: Ўзбекистон тажрибаси ва хориж амалиёти” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.


Унда фуқаролар мурожаатлари билан ишлашни такомиллаштириш, коррупцияга қарши курашиш ҳамда турли электрон платформаларни яратишда қилинган ишлар сарҳисоб қилинди.
Давра суҳбатида таъкидланганидек, мамлакатимизда мазкур муаммога қарши кураш масаласига мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ жиддий эътибор қаратиб келинмоқда. Давлат бошқарувига очиқликни жорий этиш, ахборотларнинг умумфойдаланиш учун очиқлик ҳолати, маълумотларнинг ошкоралик ва сифат даражасини халқаро талабларга мувофиқлаштириш соҳасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Буни сўнгги йилларда соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупциянинг олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин.
Хусусан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги ва “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунлар барча тоифадаги мансабдорларнинг ҳар бир ҳатти-ҳаракатига кенг жамоатчилик ҳамда халқ кўзи билан баҳо бериш имконини яратди. Бундан ташқари, ҳукумат очиқлиги соҳасида 202 -2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида очиқ маълумотлар соҳасини ривожлантириш Концепцияси қабул қилинган.
Соҳада сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотларнинг узвий ва мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармон билан амалдаги қонунчилик ҳужжатларида мавҳум бўлган муаммоли масалалар тўлиқ ўз ечимини топди.
—Бугун Ўзбекистонда давлат идоралари фаолиятида ислоҳотларни амалга оширишда энг асосий тамойиллардан бири — очиқлик ва ошкораликни таъминлашдир, — деди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Акмал Бурҳонов. — Мен бу ерда статистик маълумотларнинг очиқлигига алоҳида эътибор қаратмоқчиман. Масалан, ишга кириш, ўқишга кириш, МТМ га фарзандини топшириш умуман қайси соҳани олмайлик барчасида ошкоралик энг устувор йўналиш сифатида белгиланмоқда.
Яна бир жиҳат шундан иборатки, гарчи шу кунгача давлат ҳокимияти бошқарув органлари очиқлиги тўғрисида норматив ҳужжатлар мавжуд бўлса-да, лекин улардаги нормаларни ҳаётга татбиқ этишга масъул ёки уни бажариш талабларини бузган мансабдор шахсларнинг жавобгарлик масаласи очиқ қолаверган. Бу эса қонунчилик ҳужжатининг ҳаётга тўлиқ жорий этилишига салбий омил бўлиб хизмат қилиб келган. Шунга мувофиқ, мазкур йўналишдаги қонунчилик ҳужжатларининг ижроси устидан назорат Коррупцияга қарши курашиш агентлигига қўшимча вазифа сифатида юклатилиб, Агентлик таркибида давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш бошқармаси ташкил этилди.
Шунингдек, фуқаролар маълумот олишга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида очиқ маълумотлар портали ишга туширилди. Юридик ва жисмоний шахслар тўғрисида маълумотларни олиш бўйича My.gov.uz портали ташкил этилди. Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда Ўзбекистонда очиқлик сиёсати ортга қайтмас тус олди. Ва бу трендга айланди. Хориж тажрибасини оладиган бўлсак, у ёки бу мамлакатнинг демократик ҳуқуқий ривожланганлик даражаси айнан коррупцияга қарши курашиш бўйича давлатнинг саъй-ҳаракатлари билан белгиланади. Европа мамлакатларида коррупция билан кураш бўйича мустақил органлар ташкил этилган.
Биламизки, Коррупцияни қабул қилиш индекси (Corruption Perception Index) бор. Мана шу индексда 180 та давлат иштирок этган. Унда мамлакатимиз 2016 йилда 168 ўринда бўлган бўлса 2020 йил якунларига кўра,125 поғана кўтарилиб, 44 ўринни эгаллади ва шу аснода Ўзбекистон очиқлик бўйича сурати юқори бўлган дунёдаги икки мамлакатдан бири сифатида эътироф этилди. Марказий Осиёда эса биринчи ўринни эгаллади.
Бу эса Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларимиз натижа бераётганидан далолатдир.
Аввалроқ Ўзбекистон коррупцияга қарши курашишда Латвия билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўймоқдалиги ҳамда “Ўзбекистонда очиқлик ва шаффофлик” таҳлил маркази ташкил этилгани ҳақида маълумот бергандик.
Муножат Валиева







