Лукашенко Польшани огоҳлантирди
Беларусь раҳбари Польшани мигрантларга қарши танклар билан курашмоқчи эканини айтган.

Беларусь президенти Александр Лукашенко Минск ва Москва мамлакат ғарбий чегараларида милитаризация кучайишига қарши қатъий ҳаракат қилишини маълум қилди. Бу ҳақда “БелТА” агентлиги хабар берди.
“Поляклар Беларусь билан чегарадаги ноқонуний миграцияга қарши “Леопард” танклари билан курашмоқчи. Сиз бунга қарши бўлишингиз мумкин. Аммо оддий одамларга қарши танклар билан қандай қилиб кураш олиб бориш мумкинлигини тушунолмайман. Уларга бу бир баҳона, асл мақсад эса ўз қўшинларини бизнинг чегарага яқинлаштиришдир. Эътибор беринг – иттифоқчи давлат чегарасига (Россия ва Беларусь)”, – деган Лукашенко.
У бу фикрларни Россия бош прокурори Игорь Краснов билан учрашув пайтида билдирган.Беларусь раҳбари ҳукумат барчасини очиқ-ойдин кўриб турганини таъкидлади.
“Табиийки, биз қатъий муносабат билдирамиз. Бироз кутиб туриб, уларни огоҳлантирамиз. Бизда, айниқса, Россияда ҳам чегарага яқинлаштирадиган етарли воситалар бор. Бу ерда ҳеч қандай танқидларга қарамасдан қатъийлик билан ҳаракат қиламиз”, – деб қўшимча қилган Лукашенко.
Бундан аввал Лукашенко одамларни вакцина олишга мажбурлай олмаслигини айтганди. Шунингдек, вазият тақозо қилса, Беларусь ва Россия ягона ҳарбий базага айланиши хабар қилинган эди.
Жаҳонгир Қўзиев







