"Оилам учун хавотирдаман". Афғонистонлик қочқин қиз ҳикояси
“Толибон”нинг ҳокимият тепасига келиши унинг барча режаларини ўзгартириб юборди.

Кобулдан эвакуация
К.(хавфсизлик нуқтайи назаридан у исмининг бош ҳарфини айтган) август ўрталарида Кобулдан Бангладешга учиб кетмоқчи эди. У Осиё аёллар университетида ўқишни бошламоқчи бўлган. Аммо “Толибон”нинг ҳокимият тепасига келиши барча режаларини ўзгартириб юборди. У билан бирга 250 нафар афғонистонлик қизлар ҳам АҚШнинг Висконсин штатидаги Форт-Маккой базасига эвакуация қилинган.
Ҳазоралар ва пуштунлар
К.нинг АҚШдаги ҳаёти осон кечмаяпти. У Афғонистонда этник озчилик бўлган ҳазора миллатига мансуб. АҚШга у билан бирга кўплаб пуштунлар – Афғонистондаги энг катта этник гуруҳ эвакуация қилинган.
”Мен ҳазораман, бу ерда эса кўплаб пуштунлар бор. Қочқинларнинг катта қисми – пуштунлар. Улар бизни кўрганда жуда ёмон муносабатда бўлади”, – деган К.
Унинг сўзларига кўра, Форт-Маккойга эвакуация қилинган 13 минг афғонистонликнинг атиги 2 минг нафари ҳазоралар.
Бу икки этник бирлик ўртасидаги муносабатлар XIX асрдаёқ ёмонлашгани айтилади. Кўпчилик ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, ҳазоралар – афғон заминида энг кўп таҳқирланадиган миллатлардан бири.
Шу билан бирга, қиз ҳазора ва пуштунлар базада алоҳида жойлаштирилганини маълум қилган. У 30 га яқин аёллар билан катта хонада истиқомат қилади. Унинг хонадошларининг аксарияти – университетдаги курсдошларидан иборат.
Келажак режалари
К. Бангладешдаги Осиё аёллар университетида “иқтисодиёт” ихтисослиги бўйича 2 йил таълим олди. У аслида таълимни Буюк Британия ёки АҚШда давом эттирмоқчи эди. Аммо эвакуация бу режаларини ўзгартириб юборди.
“Менинг орзуйим АҚШда ўқиш ва магистр даражасини олиш учун стипендияга ҳаракат қилиш эди. Аммо бу толиблар ватанимни эгаллаб олган шароитда амалга ошмади. Мен ҳаммасини Браун университетида қайтадан бошлайман”, – деган К.
Қиз шу ҳафтада базадан кетишни ва этник камситилишлар ўтмишда қолишига умид билдирмоқда.
Аммо у оиласи учун хавотир олмоқда. К. Афғонистондан бир ўзи эвакуация қилинган. Унинг беш ака-укаси бор, улардан бири узоқ вақт АҚШ ҳарбийлари билан ишлаган.
“Оилам мамлакатдан чиқиб кетганимдан хурсанд. Аммо уларнинг ҳаёти хавф остида, чунки акам Америка қуролли кучлар тизимида ишлаган. У АҚШнинг махсус иммиграцион визага ариза топширган, аммо Кобулда қолиб кетди”, – дея қайд этди у.







