АҚШнинг Афғонистондаги иштирокига оид кўплаб маълумотларни олиш чеклаб қўйилди
Бу маълумотлар АҚШнинг Афғонистонни тарк этишига доир тўлиқроқ хулоса бериши мумкин.

АҚШ ҳукумати идоралари, хусусан Пентагон ва Давлат департаменти Вашингтоннинг Афғонистондаги иштирокига оид кўплаб маълумотларни махфий сақламоқда. Бу ҳақда АҚШнинг Афғонистонни тиклаш масалалари бўйича бош инспектори Жон Сопко маълум қилди.
Сопко бу маълумотлар АҚШ кучларининг Афғонистонни тарк этиши бўйича тўлиқроқ хулосаларга олиб келиши мумкинлигини қайд этган.
“Менимча, августда юз берган ҳодисаларга (2021 йил августида Америка кучлари Афғонистонни тарк этган) , шунингдек, барча хавотирли сигналлар ҳақида Пентагон ва Давлат департаменти томонидан чеклаб қўйилган маълумотларни ўргансаккина тўлиқ тасаввур ҳосил қилиниши мумкин”, – деган Сопко.
Унинг сўзларига кўра, хусусан, расмийлар афғон хавфсизлик кучларининг 2015 йилдаги ҳолати ҳақида маълумотларни махфийлаштирган. Сопко бу ҳужжатлар афғон кучларининг қай даражада – ҳақиқий ҳарбий кучми ёки бузилиб кетишга тайёр бўлган “картадан ясалган уйча” – бўлганлиги тўғрисида хулоса бериши мумкинлигини қайд этган.
Бош инспектор маълумотларнинг бир қисми Афғонистон собиқ президенти Ашраф Ғани илтимосига кўра чеклаб қўйилганини таъкидлади.
“Кобул қулагандан кейин АҚШ давлат департаменти ва бошқа органлар менга бизнинг интернет сайтимиздаги аудит, инспекция, шунингдек, молиявий аудит ҳисоботларига киришни чеклаб туришни илтимос қилди. Улар афғон иттифоқчилари ҳаёти хавф остида қолишдан хавотир билдиришди”, – деб қўшимча қилган Сопко.
Аммо унинг қайд этишича, давлат департаменти айнан қайси маълумотлар америкаликлар билан ҳамкорлик қилган афғонларнинг ҳаётига хавф солиши мумкинлиги ҳақида аниқ тушунтириш бермаган. Бундан ташқари, бош ташқи сиёсий идора ҳисоботлардан собиқ президент Ғани номининг олиб ташланишини талаб қилган.
Аввалроқ АҚШ Афғонистон йўналишидаги сиёсатини қайта кўриб чиқмоқчи эканлиги ҳамда Сергей Лавров Афғонистон қўшниларига илтимос билан чиққани хабар қилинганди.
Жаҳонгир Қўзиев







