Санкт-Петербурглик фуқарога собор фонида ярим яланғоч суратга тушгани учун жиноий иш очилди
Аёл бир йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Санкт-Петербургда яшовчи 30 ёшли фуқаро “Санкт-Исаак” собори фонида ярим яланғоч суратга тушиб, дин вакилларини ранжитганликда айбланмоқда.
Бу ҳақда шанба куни РФ ИCнинг Санкт-Петербург бўйича Бош тергов бошқармаси матбуот хизмати “ТАСС”га хабар берди.
Хабарда қайд этилишича, гумонланувчи қасддан ва омма олдида ҳаракат қилиб, собор олдида яланғоч ҳолатда фотосурат ва видеотасвир олган. Уни интернет тармоғига қўйиб, тарқатган.
Тергов органлари аёлга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 148-моддаси 1-қисми, яъни “жамиятга очиқ-ойдин ҳурматсизликни ифодаловчи ва диндорларнинг диний туйғуларини ҳақорат қилиш мақсадида содир этилган оммавий ҳаракатлар” асосида жиноий иш қўзғатган.
Ушбу модда бир йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади. Ҳозирда аёл қўлга олинган ва унга нисбатан эҳтиёт чораси қўлланилган.
Чўлпоной Аҳмедова тайёрлади







