Шимолий Корея янги ядро қуроллари ишлаб чиқариш учун етарли уранга эга — “Reuters”
Агентлик маълумотларига кўра, Пхеньян ядро арсеналини кенгайтиришда давом этмоқда.

Шимолий Корея ўзининг Пхенсандаги уран бойитиш заводи орқали янги ядро қуролларини ишлаб чиқариш учун етарли миқдорда уранга эга бўлиши мумкин. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар берди.
2017 йилда ядро қуроли синовига қўйилган мораторийга қарамай, Пхеньян арсеналини кенгайтиришда давом этмоқда. Агентлик маълумотларига кўра, 2021 йилда КХДР аввалги йилларда плутоний ишлаб чиқарган реакторини қайта ишга туширди.
Ўтган ойда Стэнфорд университети тадқиқотчилари томонидан эълон қилинган ҳисоботда Шимолий Корея уран ишлаб чиқариш учун етарли имкониятга эга экани маълум қилинганди. Унда таъкидланишича, “КХДР ҳозирда аввалги йилларга қараганда кўпроқ қайта ишлаш қувватларига эга. Бу зарур вазиятда керагидан ҳам ортиқ бойитилган уран ишлаб чиқариш имконини беради”.
Таҳлилчиларнинг фикрича, Пхенсандаги уран бойитиш заводи ва у билан боғлиқ шахта Шимолий Кореяда уран рудаси топилган ягона ҳудуд ҳисобланади.
Бундан аввал Шимолий Корея қора оққуш гўшти ёрдамида очликка қарши курашмоқчи экани ҳамда Япония тарафга икки ракета учиргани ҳақида хабар қилинганди.
Жаҳонгир Қўзиев







