Ўзбекистон ФВВ раҳбари муҳим ташаббусларни илгари сурди
Форумда, шунингдек, Орол муаммоси ва иқлим исиши масаласи кўтарилган.

Фавқулодда вазиятлар оқибатларини ўз вақтида бартараф этиш, табиий офатларга қарши самарали кураш олиб бориш тобора долзарб аҳамият касб этиб бормоқда.
4-6 ноябрь кунлари Тошкентда Марказий Осиё давлатлари фавқулодда вазиятлар идоралари раҳбарларининг минтақавий форуми бўлиб ўтмоқда. Бугун шу форум доирасида республикалар ФВВ раҳбарлари иштирокида учрашув ташкил этилди.
Учрашувни очиб берган Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазири Турсинхон Худайберганов сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари фавқулодда вазиятлар идоралари ўртасида кенг қамровли алоқалар ўрнатилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, доимий равишда қўшма ўқув машғулотлари ўтказиб келинмоқда.
Вазир ўз нутқи давомида минтақа учун йирик экологик муаммо ҳисобланган Орол масаласига тўхталди. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти томонидан Оролбўйида олиб борилаётган ишлар юзасидан ҳисобот берилди. Хусусан, бу ҳудудлардаги экологик вазиятни яхшилаш мақсадида денгизнинг қуриган жойларида ўрмонзорлар барпо этилмоқда. Биргина 2021 йилда 460 гектар янги ўрмонзорлар шакллантирилди. Бу аста-секин ўз самарасини бермоқда. Турсинхон Худайберганов Орол муаммосини ҳал қилиш комплекс чора-тадбирларни талаб қилишини алоҳида таъкидлади.
Шу билан бирга, глобал иқлим ўзгариши жараёни ҳам Марказий Осиё давлатлари фавқулодда вазиятлар идоралари ўртасидаги ҳамкорликнинг кенгайишига сабаб бўлмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, иқлимнинг кескин ўзгариши ортидан трансчегаравий сув омборларида сув баланси бузилган.
Буларнинг барчаси мамлакатлар ўртасида табиий офатларга қарши бирга курашишни тақозо қилмоқда. Турсинхон Худайберганов бир неча муҳим ташаббусни илгари сурди:
- Биринчидан, 2022-2030 йилларга мўлжалланган Марказий Осиё давлатларининг табиий офатлар хавфини камайтиришга қаратилган ҳамкорликни ривожлантириш стратегиясини қабул қилиш;
- Иккинчидан, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида минтақавий мувофиқлаштириш механизмларини ишлаб чиқиш;
- Учинчидан, Марказий Осиё мамлакатларида табиий офатлар оқибатларини камайтириш, олдиндан огоҳлантириш ва фавқулодда вазиятларни бартараф этиш мақсадида учувчисиз авиация қурилмаларидан фойдаланиш концепциясини қабул қилиш.
Бундан аввал ФВВ ходимлари Қамчиқ довонида икки ҳайдовчи ҳаётини сақлаб қолгани хабар қилинганди.
Жаҳонгир Қўзиев







