Жаҳон бозорида озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи кўтарилди
Октябрь ойида озиқ-овқат маҳсулотларининг жаҳон миқёсидаги нархлари сўнгги ўн йилдаги энг юқори даражага кўтарилди.

Бу бўйича охирги энг юқори кўрсатгич 2011 йилда кузатилган.
Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, октябрь ойи якунида энг оммабоп озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича нархлар индексининг қиймати 133,2 пунктга етган. Маълумот учун, индекс охирги марта 2011 йилда 130 пунктдан ошиб кетганди.
Ўтган ойда озиқ-овқат нархлари 3,9 фоизга ошган. Бунга кўп жиҳатдан дон, ёғ ва сут маҳсулотлари нархининг кўтарилиши сабаб бўлгани айтилмоқда.
2020 йилнинг ўрталаридан бошлаб озиқ-овқат нархларининг изчил ўсиши давом этиб, сўнгги 12 ойда озиқ-овқат нархлари индекси 30 фоиздан кўпроққа ошган.
Бундан олдин озиқ-овқат маҳсулотлари ва фавқулодда ёрдамга муҳтож инсонлар сони беш йил ичида энг юқори даражага кўтарилгани хабар қилинганди. Қайд этилишича, 2020 йилда энг камида 155 миллион киши кескин очарчилик муаммосига дучор бўлди. Бунга низолар, иқтисодий қийинчиликлар, шунингдек, коронавирус пандемияси ва экстремал табиат ҳодисалари сабаб бўлган. Бу кўрсаткич 2019 йилга таққослаганда 20 миллионга кўпроқ ҳисобланади.
Февраль ойида БМТ пандемия сабабли глобал озиқ-овқат танқислиги хавфи ҳақида огоҳлантирганди. Ташкилотнинг тахминига кўра, коронавирус пандемияси оқибатида озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари ўтган йилга нисбатан ошиб кетади. Бу қашшоқ давлатларнинг 2021 йилда озиқ-овқат инқирозига дуч келиши хавфи янада орттиради.
Аввалроқ Ўзбекистонда товар ва хизматлар 5 фоизга қимматлашгани, айрим озиқ-овқат маҳсулотлари қўшилган қиймат солиғидан озод этилиши ҳамда бозорлардаги маҳсулотларнинг минимал-максимал нархи эълон қилингани ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев







