Оғир тан жароҳати олган юртдошимиз Ўзбекистонга қайтарилди
Фуқарони Ташқи меҳнат миграцияси ходимлари Тошкент халқаро аэропортида тез тиббий ёрдам бригадасини жалб қилган ҳолда кутиб олди.

Агентликнинг Москва шаҳридаги ваколатхонасига Андижон вилоятидан И.М. Ўзбекистонга қайтишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилади.
Ушбу мурожаат бўйича ўрганиш ишлари олиб борилганда, М.И. жорий йилнинг май ойида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Россия Федерациясининг Рязань шаҳрига кетганлиги, аммо сентябрь ойида велосипед ҳайдаётганда чуқурликка йиқилиши оқибатида умуртқа поғонасидан оғир тан жароҳати олганлиги ва жарроҳлик амалиётини бошидан кечирганлиги аниқланди.
Бугунги кунда фуқаро мустақил ҳаракатлана олмаслиги ва меҳнат қобилиятини йўқотганлиги сабабли даволаниш жараёнини давом эттириш мақсадида Ватанга қайтиш учун ёрдам сўраган.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ташаббуси билан фуқаро 8 ноябрь куни Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Москва – Тошкент авиарейси орқали Ватанга қайтарилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда оғир аҳволда қолган ўзбекистонлик фуқаро ватанга қайтарилгани ҳамда Швейцарияда вафот этган фуқаронинг жасади Ўзбекистонга олиб келингани ҳақида хабар берилганди.







