Ливерпулда такси ҳайдовчиси катта терактнинг олдини олди
Ҳодиса шифохона яқинида содир бўлган.

Ливерпульда шифохона яқинида автомобиль портлаб кетди. Оқибатда, бир киши ҳалок бўлган.
Шундан кейин олиб борилган қидирув-суриштирув ишлари натижасида уч киши ушланган. Уларнинг ёши 21, 16 ва 29 атрофида бўлиб, улар терроризмга қарши кураш тўғрисидаги қонун доирасида қўлга олинган.
Сўнгги маълумотларга кўра, портлатилган машина такси автомобили бўлган. Ҳайдовчи сўнгги дақиқада машинани қулфлаган ва террорчининг тушишига имкон бермаган. Оқибатда бомба автомобильнинг ўзида портлаган ва террорчининг ўзи ҳалок бўлган. Ҳайдовчи эса яраланган.
Ҳозирда Британия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳодисани теракт сифатида баҳоламаяпти. Шу билан бирга терроризмга қарши кураш бўлинмаси ҳеч қайси вариант инкор қилинмаётганини маълум қилган. Портлаш содир бўлган аёллар госпиталида вақтинчалик беморларни қабул қилиш тақиқлаб қўйилди.
Аввалроқ Афғонистон шимолида портлаш содир этилгани хабар қилинганди.
Жаҳонгир Қўзиев







