Нефть, гаров, талончилик. ИШИДнинг даромад манбалари маълум қилинди
Террорчилар бош молиячиси бу ҳақда маълумот берган.

ИШИД энг фаол ҳаракат қилган даврда террорчи гуруҳ даромади 1.2 миллиард долларни ташкил этган. Бу ҳақда Al Arabiya телеканали маълум қилган.
Ироқ махсус кучлари томонидан қўлга олинган ва ИШИДнинг молиявий масалаларига жавобгар бўлган Сами Жасим бу ҳақда тергов пайтида маълумот берган.
Аниқланишича, ИШИДнинг асосий даромад манбайи ўғирлик ва талончилик, одамларни гаровга олиш ва унга товон пули талаб қилиш, шунингдек, нефть контрабандаси ташкил этган. Нефть маҳсулотлари асосан, кичик нефтни қайта ишлаш заводи эгаларига сотилган ва унинг савдоси асосан Сурия ҳудудида амалга оширилган.
Шунингдек, Жасимнинг сўзларига кўра, террорчилар узоқ вақт давомида Ироқнинг Найнаво вилоятидаги бой хонадонлар ва савдогарлардан ойига 500 минг АҚШ доллари олиб турган.
Аввалроқ Ироқда ИШИДнинг йирик раҳбарларидан бири йўқ қилингани ҳақида хабар қилинганди.
Жаҳонгир Қўзиев







