Шавкат Мирзиёев иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг ўн бешинчи саммитида иштирок этиши кутилмоқда
Туркманистонга ташриф дастури доирасида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг ўн бешинчи саммитида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Ашхобод шаҳрига жўнаб кетади.
Ташкилот доирасидаги кўп томонлама шерикликни янада кенгайтириш, энг аввало савдо муносабатларини ривожлантириш, минтақанинг транзит салоҳиятини ошириш, “яшил” иқтисодиётни илгари суриш ва инновацияларни жорий қилиш масалалари кўриб чиқилади. Саммитнинг якуний ҳужжатини қабул қилиш кўзда тутилган.
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) минтақавий кўп томонлама тузилма бўлиб, минтақа мамлакатлари ўртасидаги яқин савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида 1985 йилда ташкил этилган.
Бугунги кунда ташкилотга Ўзбекистон, Туркия, Эрон, Покистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон аъзо. Мамлакатимиз ИҲТга 1992 йилда қўшилган.
Аввалроқ, Президент Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Душанбе шаҳрига боргани ҳамда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 19 ноябрь куни ташриф билан Россияга боргани ҳақида хабар берилганди.
Муножат Валиева







