Давлатимиз раҳбари Ашхободга етиб келди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Ашхобод шаҳрига келди.

Давлатимиз раҳбарини Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов пойтахт аэропортида кутиб олди. Шундан сўнг мамлакатларимиз етакчилари музокара ўтказдилар.
Суҳбат аввалида Ўзбекистон Президенти Туркманистон раҳбари ва биродар туркман халқини яқинлашиб келаётган миллий байрам – Бетарафлик куни билан самимий қутлади.
Давлат раҳбарлари икки томонлама яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилишди.
Учрашувда жорий йил октябрь ойида олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ савдо-иқтисодий ҳамкорлик борасидаги қўшма лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Халқаро кун тартиби ва кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистон Президенти Туркманистоннинг ИҲТдаги сермаҳсул раислигини юксак баҳолади ва Ашхобод саммити муваффақиятли ўтишини тилади.
Сўнг тантанали кутиб олиш маросими бўлди. Давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.
Маълумот учун, Тадбир кун тартибидан ташкилот доирасида устувор йўналишлар бўйича кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари ўрин олган.
Туркманистон пойтахтида давлатимиз раҳбари қатор икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказади.







